Бугун ҳамма тарғиботчи!
“Юз марта гапирилган гапни бир юз биринчи марта гапиришдан эринмагин”, дейишади. Сабаби бир гапни қайта-қайта гапираверсанг эшитувчи барибир бир кун унга амал қилади. Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармаси йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари “Пайшанба-профилактика куни” муносабати билан ўтказилаётган профилактик суҳбатларда шунга амал қилишмоқда.
Ходимлар жойларда ташкил этилаётган учрашувларда, ўтказилаётган суҳбатларда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлашнинг оддий, аммо ҳаёт учун жуда муҳим бўлган талабларини қайта-қайта аниқ мисоллар ёрдамида тушинтириб боришмоқда. Албатта, амалга оширилаётган бу ишлар ҳеч вақт изсиз, самарасиз кетмайди.
Бундан ташқари, профилактика куни жойларда ҳаракат иштирокчилари учун қулай шарт-шароитлар яратиш ишларига ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Айниқса, вилоят ҳокимининг фармойишига асосан ўтказилаётган “Пиёдалар ҳаракатланиш хавфсизлиги” ойлиги тадбири доирасида бу каби ишларнинг ташкил этилиши жуда ҳам муҳимдир. Жумладан, пиёдалар ўтиш жойларидаги йўл чизиқларининг янгиланиши, эскирган ва яроқсиз ҳолга келиб қолган йўл белгиларининг алмаштирилиши, зарур жойларга янгитдан йўл белгиларини ўрнатиш, айниқса, мактаблар олдига тезлик чекланганлигини билдирувчи белгиларни ўрнатилиши, йўлларни таъмирлаш каби ишлар турли соха кишиларининг ҳамкорликдаги ишлари бўлмоқда. Бир сўз билан айтганда, бугун вилоятда ҳамма тарғиботчи, ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлашга ҳамма бирдек ҳисса қўшмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати