Тест режимида

Хабарлар

Бугундан бошлаб совуқ ҳаво массалари республикамиз ҳудудидан чиқишни бошлади

"Ўзгидромет" хабарига кўра, ҳафтанинг иш кунлари охирида Ўзбекистон ҳудуди Россиянинг Европа ҳудуди орқали кириб келган жуда совуқ ҳаво массалари таъсири остида бўлди.

Кечаси ва эрталб ҳаво ҳарорати 10-12° совуққача пасайди. Қорақалпоғистонда 20-22° совуқ, Устюртда 23-25° совуқ бўлди. Кундуз кунлари ҳарорат 4-6° совуқдан юқорига кўтарилмади, шимолда ҳарорат 8-10° совуқ атрофида бўлди. Бундай ҳарорат меъёрий қийматлардан 12-17° паст бўлди.

Бугундан бошлаб совуқ ҳаво массалари республикамиз ҳудудидан чиқишни бошлади. Унинг ўрнига Туркманистон ҳудудларидан илиқ ҳаво массалари кириб келмоқда.

Дам олиш кунлари ҳавонинг илиши давом этади. Якшанба кунига келиб, кечаси 3-5° совуққача кучсизланади, кундуз кунлари эса 7-12° илиққача кўтарилади. Аммо бу февраль ойининг охиридаги иқлимий меъёрлардан бироз пастроқдир.

Республика ҳудудининг кўп қисмида ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Фақат Қорақалпоғистонда, Хоразм вилоятида ва республиканинг тоғли ҳудудларида баъзи жойларда бироз қор ёғади.

Ўзбекистоннинг тоғли ҳудудларида қор кўчиши хавфи сақланиб туради.

Барча йўл ҳаракати қатнашчиларидан об-ҳаво шароитини инобатга олган ҳолда ҳаракатланишларини сўраб қоламиз.