БУХОРОДА ЯНА 20 НАФАР БЕМОР БУТУНЛАЙ СОҒАЙДИ. УЛАРНИНГ БАРЧАСИ ХОРИЖДАН КЕЛГАН
Сўнгги йилларда нафақат пойтахтимизда, балки мамлакатимизнинг барча ҳудудларида соғлиқни сақлаш соҳаси ривожига алоҳида эътибор қаратилди. Янги тиббиёт муассасаларини қуриш, таъмирлаш, ихтисослаштирилган тиббий хизматларни аҳолига яқинлаштириш, малакали кадрлар тайёрлаш, замонавий тиббий технологияларни жорий этиш каби йўналишлардаги саъй-ҳаракатлар бугун ўз самарасини бермоқда.
Коронавирус пандемияси авжига чиққан бир пайтда, юртимизнинг деярли барча ҳудудларида ушбу инфекцияга чалинган беморларга малакали шифокорлар томонидан сифатли тиббий хизмат кўрсатилаётгани ҳам соҳада олиб борилган ислоҳотлар натижасидир.
Жумладан, бугун Бухоро вилояти юқумли касалликлар шифохонасидан яна 20 нафар бемор буткул соғайди. Улар вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари иштирокида реабилитацияга кузатилди.
Тузалганларнинг барчаси чартер рейс орқали Туркиядан Бухорога келишган бўлиб, “Ситораи Моҳи Хоса” санаторийсида карантинга олинган эди. Коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилган. Беморларнинг 10 нафари эркак, 10 нафари аёллардир. Улардан 11 нафари Тошкент шаҳри, 4 нафари Самарқанд вилояти, 2 нафари Жиззах вилоятидан, Қашқадарё, Навоий ва Тошкент вилоятларидан эса 1 нафарни ташкил этади. Улар орасида энг ёши каттаси 57 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 21 ёшда.
Манба: @ssvuz
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати