Тест режимида

Хабарлар

“ЧАВАНДОЗ” КЎР БЎЛМАСИН

 “Бир гуруҳ кўрлар йўлни кўрмай, четроқдан, кўзалар турган жойдан ўта бошладилар ва «Кимдир йўлимизга тўсиқлар қўйибди» деб шикоят қилдилар. Аслида улар кўрлиги туфайли тўғри йўлдан адашган эдилар”.

                                     Ғаззолийнинг «Кимиёи саодат» китобидан 

«Нафс (руҳ) чавандозга, бадан отга ўхшайди. Чавандознинг кўрлиги отнинг кўрлигидан зарарлироқдир.

                                               Жалолиддин Румий

Буюк алломаларимизнинг ушбу ибратли фикрларини ўқиб, улар ҳозирги кунимизга ҳам тўла мос келишини ҳис қиласиз. Биласиз, илк короновирусга чалинган фуқаро 15 март куни аниқланди. 23 март куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг карантин жорий этилгани тўғрисидаги 176-сонли қарори эълон қилинди. Шу кундан бошлаб барча оммавий ахборот воситалари, интернет сайтлар  вирусдан сақланишнинг энг мақбул усули уйда қолиш эканлигини гапира бошлашди. Аммо, кўчада юрганлар, карантин талабларини бузаётганлар камаймаяпти.

Тошкент вилоятида ҳам вирус тарқалиб кетишининг кўпайишини олдини олиш мақсадида жуда кўплаб тадбирлар амалга оширилмоқда. Қанчадан қанча карантин постлари ташкил этилаяпти. Минглаб ходимлар асосий вазифаларидан ташқари ана шу карантин постларида навбатчилик ҳам қилишаяпти. Аммо, ҳамон минглаб қоидабузарликлар аниқланаяпти.

Келинг, гапимиз қуруқ бўлиб қолмаслиги учун аниқ рақамларни келтириб ўтайлик. 8 апрель куни вилоят ҳудудида жами 313 та қоидабузарликлар аниқланди. Бу қоидабузарликларнинг 95 тасида ҳайдовчилар транспорт воситасини тегишли ҳужжатларсиз бошқарганлар. Тўғри, бу қўпол қоидабузарликлар туркумига кирмайди. Аммо, ҳозирги кун нуқтаи-назаридан ёндошсак улар “кўр чавандоз бошқараётган отга” ўхшаб кетишади. Бундай дейишимизга сабаб, юқорида таъкидлаб ўтдик карантин постлари ҳақида. Бу постлар ҳақида ҳамма билади. У ердан ўтишда назорат текшируви бўлишини ҳам ҳайдовчилар яхши билишади. Лекин, ман-манликданми, қонунларни менсимасданми ҳужжатсиз юраверишади. Хўш, уларга қандай бахо бериш керак?

Яна бир тоифа қоидабузарлик бор, бу ЙПХ инспекторининг қонуний талабига бўйсинмаслик. 8 апрель куни вилоят ҳудудида 4 та ана шундай қоидабузарлик аниқланди. Ой бошидан бери эса улар сони 17 тага етди. Бу холатни кўриб савол туғилади, қочиб қаерга боришади, бу ҳайдовчилар? Ҳамма жойда постлар бўлса, уларда кучайтирилган тартибда хизмат олиб борилаётган бўлса, хайрон қоласан киши. Юқорида келтирилган буюк алломаларимиз гапларининг яна бир исботи.

Тошкент вилояти ҳудудидаги масканларда ЙПХ ходимлари билан бир қаторда санитария эпидемиологик осойишталик хизмати вакиллари ҳам хизмат олиб боришмоқда. Бу хизмат вакиллари карантин талабларини бузган фуқароларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 54-моддаси 1 ва 2-қисмлари билан баённома расмийлаштиришмоқда. 8 апрель куни ҳам вилоят бўйича 54-модданинг 1-қисми билан 84 та, 2-қисми билан 17 та баённома расмийлаштирилди. Ой бошидан эса бу кўрсаткич 666 ва 172 тани ташкил этмоқда. Бу қоидабузарлик учун тўланадиган жарималар миқдори эса жуда баланд.   

Тўланадиган жарималардан ташқари транспорт воситалари ҳам жарима майдонларига қўйилди. Ўйлаб кўрилса ҳар томонлама зарар.

Юқорида баён этилганларга асосланган ҳолда ҳайдовчиларимизга яна бир карра эслатиб ўтамиз. Энг аввало карантин даври талабларига ва  “Йўл ҳаракати қоидалари”га амал қилишга одатланинг. Сабаби бу ҳазиллашадиган иш эмас. У бутун дунёни ташвишга солаяпти. Қонунларимиз ҳам, муқаддас динимиз ҳам касаллик даврида уйда ўтиришни тавсия, аниқроғи талаб қилаяпти.

Ўзини, оила аъзоларини ва ўзгаларни ҳурмат қиладиган инсонлар бу талабларни бажаришлари шарт. Уларга амал қилиш эса энг аввало саломатлигингизга путур етишидан асрайди. Қолаверса қоидабузарлик содир этиб жаримага тортилишдан муҳофазалайди. Қай бири афзал эканлигини таъкидлаш шарт бўлмаса керак.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати