Чилонзор туманида хавфсиз муҳитни таъминлаш ва йўл ҳаракати хавфсизлигини яхшилаш мақсадида ЙҲХХ раҳбарияти томонидан ўрганиш ишлари олиб борилди
Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида фуқаролар учун хавфсиз ва қулай муҳитни шакллантириш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ҳамда мавжуд муаммоларни жойига чиқиб ўрганиш мақсадида Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати раҳбарияти томонидан тизимли ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Ўрганишлар давомида туманда жойлашган муҳим объектлар ва аҳоли гавжум ҳудудларда йўл ҳаракати хавфсизлиги билан боғлиқ ҳолатлар таҳлил қилинди. Жумладан, туман ҳудудидаги автовокзал фаолияти ўрганилиб, йўловчи ташиш билан шуғулланаётган ҳайдовчилар билан профилактик суҳбатлар ўтказилди. Учрашувларда ҳайдовчиларга йўл ҳаракати қоидаларига қатъий амал қилиш, транспорт воситаларини техник соз ҳолатда бошқариш ҳамда йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш масалалари юзасидан тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, туман ҳудудида фаолият юритаётган автомобилларни рўйхатдан ўтказиш ва диагностика марказида ҳам ўрганиш ишлари олиб борилди. Унда транспорт воситаларининг техник кўрикдан ўтказилиш жараёнлари, хавфсизлик талабларига риоя этилиши ва ҳайдовчилар учун яратилган шароитлар кўздан кечирилди. Мутасаддиларга транспорт воситаларининг техник созлигини таъминлаш йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишда муҳим омил экани алоҳида таъкидланди.
Ўрганишлар доирасида Чилонзор туманидаги 202-сонли умумтаълим мактабида ташкил этилган “Йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш синфхонаси” ҳам кўздан кечирилди. Мактаб ўқувчилари билан йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш, йўлларни кесиб ўтиш маданияти, пиёдалар хавфсизлиги каби масалаларда тушунтириш ишлари олиб борилди. Ёшлар ўртасида йўл ҳаракати маданиятини шакллантириш келгусида содир бўлиши мумкин бўлган кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
Бундан ташқари, тумандаги автошоҳбекатларда (питак) ҳам ҳайдовчилар билан очиқ мулоқот ва профилактик учрашувлар ташкил этилди. Учрашув давомида ҳайдовчиларга ҳаракат хавфсизлиги қоидаларига амал қилиш, тезлик меъёрларини бузмаслик, пиёдалар ва бошқа йўл ҳаракати иштирокчиларига нисбатан ҳурмат билан муносабатда бўлиш зарурлиги ҳақида тавсиялар берилди.
Жараёнларда пойтахт ҳудудидаги масжидлар атрофидаги йўл ҳаракати хавфсизлиги ҳолатига ҳам алоҳида эътибор берилди. Айниқса жума намози ҳамда Рамазон ойи муносабати билан таровеҳ намозлари вақтида фуқаролар ва транспорт воситалари ҳаракати кескин ортиши инобатга олиниб, ушбу ҳудудларда хавфсизлик чораларига алоҳида эътибор қаратилди.
Масжидлар олдидаги пиёдалар ўтиш жойлари, автомобилларни тўхташ тартиби ҳамда йўл белгилари ҳолати кўздан кечирилди. Ҳайдовчиларга транспорт воситаларини тартибли жойлаштириш, пиёдаларга эса йўл ҳаракати қоидаларига амал қилиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди. Мазкур тадбирлар фуқаролар хавфсизлигини таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Мазкур ўрганишлар давомида аниқланган айрим камчиликлар юзасидан тегишли масъулларга зарур кўрсатмалар берилиб, йўл ҳаракати хавфсизлигини янада мустаҳкамлаш, фуқаролар учун хавфсиз муҳит яратиш борасида ишларни изчил давом эттириш белгилаб олинди.