Тест режимида

Хабарлар

ЧИҚМАГИН УЙИНГНИ ОСТОНАСИДАН

Оила даврасин ўзи бир бахтдир
Ёшликни эслайсан шўхлик дамларин.
Ўзбекда дастурхон тўри-ку тахтдир
Шу онда унутдир дунё камлари.

Санайсан отангни ажинларини
У ўпар болангни пешонасидан.
Хотирдан ўтказиб яхши кунларни
Чиқмагин уйингни остонасидан.

Уйнинг тўридаги Қуръонни олиб
Суралар ўқийсан умид ҳақида.
Ишончла одамзод ҳамиша ғолиб
Қадрият улуғдир ўзбек халқида.

Келин тутган чойнинг таъми сезилар
Шодлик чиқиб келар хос хонасидан.
Яқинлар ёнида хурсанд кўнгиллар
Чиқмагин уйингни остонасидан.

Тиши тушган бола тили шириндир
Шеър айтса куласан, латифа сўзи.
Сен кутган фаришта шундоқ яқиндир
Энг тоза имон бу болангни кўзи.

Ва шукр айтасан тинчлик номига
Миннатдор бўласан бахт онасидан.
Гар тушмай десанг эй дарднинг комига
Чиқмагин уйингни остонасидан.

Ўғлингни яқиндан билиб оласан
Муаллими берган даккиларини.
Кундалигин очиб сезиб қоласан
Сендан пана қилган иккиларини.

Қизинг бўйи етиб қолибди, тавба
Сезилар ҳар ишга бир таънасидан.
Тушунгин: соғлик бу энг катта совға
Чиқмагин уйингни остонасидан.

Бобо кетмон урар ҳали ҳам тетик
Гўдак теша билан унга эргашар.
Бу асли меҳнатга қасам, содиқлик
Инсон бор: неъмат, деб мангу курашар.

Ота пайванд қилар ниҳолга недир
Ажиб мева чиқар чўп танасидан.
Биродар, яқинлар меҳрини тўлдир
Ҳатлама уйингни остонасидан.

Соғлиғинг ғамини емоқда доктор
Йўл-патруль ходими юртга масъулдир.
Улар боласини висолига зор
Сен шулар ҳурмати уйингда ўтир.

Улар бора олмас уйларига ҳам
Улар постин ташлаб кета олмайди.
Улар чарчамасми, улар олмас дам
Наҳот хизматидан кўнглинг тўлмайди.

Барчамиз бош бўлиб битта ёқадан
Ташласак соғлиққа мардона қадам.
Бизга ҳатто берар карантин ҳам тан
Оллоҳ қўллайверар, пирлар чин ҳамдам.

Бу кунлар вақтинча, умидсизланма
Кабобни пиширгин, шарбатни тўлдир.
Меҳнат таътили бу, ҳордиқда ҳамма
Ҳозирча илтимос уйингда ўтир!!!

Навоий вилояти ИИБ ЙҲХБ Матбуот гуруҳи катта инспектори Ф.Якубов

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати