Давлат рақам белгиси ясама ёки ўзгача усулларда ўзгартирилган транспорт воситасини бошқарманг
Мамлакатимиздаги мавжуд қонун ҳужжатларига асосан транспорт воситаси сотиб олинганидан сўнг, унга давлат рақам белгиси олиниши керак. Рақамларни тайёрлаш ва транспорт воситаларига расмийлаштириш ҳам ушбу қонун ҳужжатларига кўра ваколатли давлат органи томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилган.
Лекин, айрим ҳайдовчиларимиз, хусусан ёш ҳайдовчилар, давлат рақам белгиларини ўзбошимчалик билан ўзгартиришга, гўёки “чиройли” қилишга ҳаракат қилиб, ҳуқуқбузарликка йўл қўйишмоқда.
Яқинда айрим ижтимоий тармоқларда “Давлат рақам белгисини 3D кўринишида тайёрлаб берамиз” сарлавҳаси остида видео лавҳа тарқатилди.
Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ қидирув ва суриштирув бўлими бошлиғи Х.Насриддинов манзил бўйича суриштирув ишларини ўтказиб, “чиройли” авторақам ишқибозларидан бирини аниқлади. Ишқибоз вилоятнинг Янгийўл туманида истиқомат қилувчи, 1984 й.т. И.Р. эканлиги маълум бўлди. У ўзининг “Спарк” русумли транспорт воситасининг 10 Е 590 ОА давлат рақам белгисини 3D кўринишида ўзгартириб, маъмурий жавобгарликка сабаб бўлувчи ҳуқуқбузарлик содир этган.
Ҳайдовчига нисбатан Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 125-моддаси 6-қисмига кўра маъмурий баённома расмийлаштирилиб, транспорт воситаси ушбу Кодекснинг 291-моддасига мувофиқ вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирилди.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 125-моддаси 6-қисмига кўра, давлат рақам белгиси ясама ёки ўзга усулларда ўзгартирилган транспорт воситаларини, худди шунингдек давлат рақам белгиси айни шу транспорт воситасига тегишли бўлмаган транспорт воситасини бошқариш — базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлишини эслатиб ўтамиз.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати