ҲЕЧ КИМНИ ФАРЗАНДИ БЕВАҚТ КЕТМАСИН
Сен ҳали ҳаётни кўрмоқчи эдинг
Фаришта мисоли эдинг, болажон.
Ахир сен шифокор бўлмоқчи эдинг
Умрингни йўлларга сочди-я армон.
Сенга велосипед олиб берганлар
Ўзини қарғайди бир умр энди.
Изинга кўзини нурин терганлар
Кулгуси мотамнинг олдида синди.
Афсус, ўрнингдан ҳеч тура олмайсан
Энди чополмайсан оиланг томон.
Энди овқат пишса ухлаб қолмайсан
Энди уйинг сени сокин қабристон.
Сенга қўл телефон олиб берганлар
Ўзини кечира олмас қиёмат.
Дил ўртаб, тобутинг суяб турганлар
Ҳассага дардини айтади фақат.
Қучоқлай олмайсан онанг бўйнидан
Кулча нон тандирда ёпилмас ҳаргиз.
Отанг совға бермас олиб қўйнидан,
Юк мошин остида сочилган юлдуз.
Тўғри, вақт даволар доим инсонни
Сенсиз дарс қилолмас мангу дарс хонанг.
Лек бошқа отдошинг қўзғар армонни
Исмингни эшитса телбадир онанг.
Сен тенги болани кўрса жим йиғлар
Бошига қулайди тоғ каби харсанг.
Ўзини умрини сенга деб тилар
Афсуслар сочига қор тўккан отанг.
Бобонг кўрмоқчийди ахир тўйларинг
Момонг истар эди набираларни.
Машина остида қолди ўйларинг
Исминг қўзғар оғир хотираларни.
Навоий вилояти ИИБ ЙҲХБ Матбуот гуруҳи катта инспектори Ф.Якубов
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати