"Эркин" ва "Уч қаҳрамон" ЙПХ масканларида аниқланган навбатдаги фактлар
Текширувлар давомида:
- 2022 йил 3 апрель куни соат 19:30 ларда, Чилонзор туманида жойлашган “Эркин” ЙПХ масканида хизмат олиб бораётган ЙПХ ходимлари Н.Джуманазаров ва А.Тожиевлар томонидан, Тошкент вилоятидан пойтахтга кириб келаётган пиёда, 1986 йилда туғилган И.А. ўзининг кўриниши ва хатти-ҳаракатлари билан ходимларда шубҳа уйғотган. Холис ва гувоҳлар иштирокидаги текширувлар мобайнида фуқаро И.А.нинг ёнидан гугурт қутисига солинган, яшил рангли, ўткир ҳидли, қуритилган ўсимлик моддаси топилган.
Мазкур ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, фуқаро И.А. ва аниқланган модда Чилонзор тумани ИИО ФМБга топширилган.
- 2022 йил 3 апрель куни соат 21:00 ларда, Юнусобод туманида жойлашган “Уч қаҳрамон” ЙПХ масканида хизмат олиб бораётган ЙПХ ходимлари Д.Якубов ва И.Мейлиевлар томонидан, Тошкент вилоятидан пойтахтга кириб келаётган "Nexia" русумли автомобиль тўхтатилиб, холис ва гувоҳлар иштирокида текширилганда, ҳайдовчи, 1990 йилда туғилган Х.С.нинг ёнидан 2 дона “Зардекс” номли психотроп дори воситалари ҳамда целлофанга ўралган, сариқ рангли, ўткир ҳидли, кукунсимон модда топилган.
Мазкур ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, фуқаро Х.С. ва аниқланган воситалар Юнусобод тумани ИИО ФМБга топширилган.
Текширувлар давом этмоқда...