Фарғонада ходимнинг билдиргиси асосида фуқаро 300 АҚШ доллари миқдорида пора бераётган вақтда ушланди
Жорий йилнинг 25 март куни, Фарғона вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХ ходими томонидан 1978 йилда туғилган фуқаро И.Т.га нисбатан мастлик ҳолатида “Нексия” русумли автомобилни бошқарганлиги бўйича маъмурий баённома тузилиб, автомобиль вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига қўйилган.
Шундан сўнг, фуқаро И.Т. Қўқон шаҳар ИИО ФМБ ЙҲХБ маъмурий ҳуқуқбузарлик материалларини кўриб чиқиш бўйича инспектори И.Омоновга ўзига нисбатан расмийлаштирилган ҳужжатларни ижобий ҳал қилиб тегишли тартибда судга юбормаслик эвазига 400 АҚШ доллари миқдорида пора таклиф қилган.
ЙҲХБ ходими И.Омонов мазкур ҳолат юзасидан вилоят ИИБ бошлиғи номига билдирги орқали мурожаат қилиб, пора таклиф қилаётган фуқарога нисбатан қонуний чора кўришликни сўраган.
Ходимнинг билдиргиси асосида 2021 йил 29 март куни соат 18:00ларда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбир давомида, фуқаро И.Т. Қўқон шаҳар ИИО ФМБ ЙҲХБ биносидаги И.Омоновнинг хизмат хонасига келиб, унга 300 АҚШ доллари миқдоридаги пулни пора тариқасида берган вақтида ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан терговга қадар дастлабки текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.