Тест режимида

Хабарлар

Фарғонада қоидабузар ҳайдовчилар сони кўпайди

Республика махсус комиссиясининг қарори билан вилоятлараро, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида 30 март куни соат 06:00дан 20 апрель куни соат 00:01га қадар транспорт воситаларида ҳаракатланиш тартиби белгиланди. Унга кўра махсус рухсатномасиз шахсий автомобиллардан фойдаланиш таъқиқланди.

Шунга қарамай баъзи фуқаролар ҳамон шахсий транспорт воситаларидан фойдаланиш ҳолатлари аниқланмоқда. Бу эса йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан транспорт воситаларининг ҳаракатини назорат қилиш ишларини кучайтиришига сабаб бўлмоқда. Жорий йилнинг 2 апрель куни вилоят миқёсида йўл-патруль хизмати ходимлари томонидан 552 нафар ҳайдовчиларга йўл ҳаракати қоидаларини бузганлиги учун маъмурий баённомалар расмийлаштирилган бўлса, шундан тегишли ҳужжатларсиз бошқарган 247 нафар ҳайдовчиларнинг  транспорт воситалари вақтинчалик жарима майдонига олиб кирилди. Вилоят марказида транспорт воситалари ҳаракати бўйича чеклов ўрнатилган бўлсада, Қўқон шаҳрида ҳам ўтказилган тадбирлар давомида 156 нафар ҳайдовчилар тегишли ҳужжатларсиз автомобиль бошқарганлиги учун транспорт воситалари вақтинча жарима майдонига олиб кирилди.

Бундан ташқари вилоят миқёсида карантин қоидаларини бузган 250 нафар фуқароларга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 54-моддаси 1-қисми билан чоралар кўрилди. Фарғона шаҳрида ўтказилган рейд тадбири давомида ушбу модданинг 2-қисми яъни карантин қоидаларини бузиб, автотранспорт воситаларидан фойдаланган 21 нафар ҳайдовчиларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, транспорт воситалари вақтинчалик жарима майдонига жойлаштирилди. 

Ҳурматли фуқаролар! Сизларга яна бир бор эслатиб ўтамиз. Карантин қоидаларини бузиб, шахсий автомобилдан фойдаланган фуқароларга Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси 2-қисмига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 30 бараваригача, мансабдор шахсларга эса —  30 бараваридан 50 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати