Фарғонада олиб қочилган автомашина топилиб, жиноятчи ушланган
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаментининг берган хабарига кўра, 2020 йил 11 май куни соат 17:40 да 33 ёшли Д.Х. (аёл) Фарғона шаҳар ИИО ФМБ навбатчилик қисмига мурожаат қилиб, шу куни соат 17:30 да номаълум шахс Фарғона шаҳар, А.Қодирий кўчасида жойлашган бозорча четида турган, ўзига тегишли бўлган “Nexia-3” русумли автомашинасини олиб қочиб кетганлигини маълум қилиб, номаълум шахсни топиб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Тергов-тезкор гуруҳи ходимлари томонидан ўтказилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида олиб қочилган автомашина Фарғона шаҳар А.Қодирий кўчасида жойлашган таълим муассасаси олд томонида очиқ ҳолатда қолдирилганлиги аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган.
Ҳолат юзасидан Фарғона шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида мазкур жиноятни 28 ёшли И.А., содир этганлиги аниқланиб, И.А., га нисбатан айб эълон қилинган ва “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти