ФВВ ва масъул ташкилотлар томонидан тезликда чоралар кўрилмоқда
Аввал хабар берилганидек, жорий йилнинг 1 май куни соат 05:55да Сирдарё вилоятида жойлашган “Сардоба” сув омбори дамбасининг 6 пикет деворида сув чиқиши юзага келган. Натижада Сардоба тумани Қўрғонтепа аҳоли яшаш пунктига сув кирган.
Бунда асосан, сув экин майдонларига зарар етказгандиги маълум бўлди. Қайд этиш жоиз, Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси (ФВБ) ва Фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат қуйи тизимига (ФВДТ) кирувчи ташкилотлар билан ҳамкорликда Сардоба тумани “Қўрғонтепа” МФЙ сув омборининг атрофидаги қатор аҳоли яшаш пунктлари Мирзаобод туманига эвакуация қилинди. Хусусан, Қўрғонтепа, Дўстлик, Юртдош МФЙлардан жами 11598 нафар аҳоли шулар жумласидандир.
Бундан ташқари, сув босиш хавфи бўлган “Қуйтош” МФЙ “Ота юрт” МФЙ ва “Бирлик” МФЙлардан ахолини эвакуация қилиш режалаштирилмоқда.
Айни вақтда Оқолтин тумани “Абдуалим” МФЙ аҳолисини Сардоба эвакуация қилиш ишлари бошланган.
Воқеа жойига республика хукумати раҳбари, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги раҳбарияти ҳамда Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар бошқармалари, Миллий гвардия (МГ) ва бошқа тегишли ташкилотлар раҳбарлари етиб бориб, эвакуация тадбирларини ташкиллаштириш, фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш бўйича ишларни мувофиқлаштириб бормоқдалар.
Мазкур тадбирларга Сирдарё вилояти ФВБдан 430 шахсий таркиб ва 5 автотехника, Жиззах вилояти ФВБдан 120 шахсий таркиб, 6 та автотехника, МВБРҚМдан 60 шахсий таркиб, 6 та автотехника, МГдан 276 шахсий таркиб,
43 автотехника ҳамда ҳудудий ФВДТ хизматлари жалб этилди.
Жабрланган ва ҳалок бўлганлар бўйича маълумот келиб тушмаган.
Манба: ФВВ
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати