Тест режимида

Хабарлар

Гулистон шаҳрига олиб кирувчи йўналиш карантин муносабати билан вақтинча ўзгармоқда

Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизматининг берган хабарига кўра, карантин чекловлари вақтида Гулистон шаҳрига кирувчи транспорт воситалари оқими кўпайиб кетиши натижасида халқаро аҳамиятдаги М 34 йўлининг 117-километрида жойлашган, Гулистон шаҳрига олиб кирувчи ва чиқувчи йўл ўтказгич кўприкка чиқиш қисмида транспорт воситаларини тирбандлиги кузатилмоқда. Шаҳар марказига кириш истагида бўлган ҳайдовчилар М 34 йўлининг "Тошкент-Термиз" йўналишида тўлиқ ҳаракатланиб келишлари натижасида йўлнинг ушбу қисми тўсилиб қолиб, мазкур йўлдан транзит тартибда ўтиб кетувчи транспорт воситаларининг ҳам кўп вақт ушланиб қолишига олиб келмоқда.

Шу сабабли, вилоят махсус комиссиясининг қарорига асосан, жорий йилнинг 29 июль куни соат 17:00 дан бошлаб М 34 йўлининг "Тошкент-Гулистон" йўналишида Гулистон шаҳрига кириш, яъни йўл ўтказгич кўприкка олиб чиқувчи йўл транспорт воситалари учун тўлиқ ёпилади. Гулистон шаҳрига транспорт воситаси орқали кириб келиш фақатгина Мирзаобод тумани Фарғона йўли кўчаси (мол бозор) 4Р-18А ва 4Р28А автомобиль йўллари орқали рухсат этилади.