Гулистонда Матиз ортиб олган эвакуатор радарга тушган. Жарима ўрнатилган тартибда ҳаракатдаги эвакуаторга белгиланган
Сирдарё вилоят ИИБ расмий сайтида мазкур ҳолатга расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, 2020 йил 9 апрель куни Гулистон шаҳри ҳудудида ўтказилаётган рейд тадбири давомида «Матиз» русумли 20 F814DA давлат рақам белгили автомашина ҳайдовчиси карантин қоидаларини бузиб, вилоят марказида ҳаракатланиб юрганлиги сабабли, ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автомашина жарима майдончасига жойлаштиришга жўнатилган.
«Мерседес-Бенц Спринт» русумли 20 Е298DA давлат белгили махсус эвакуатор юк машинаси «Матиз» автомашинаси жарима майдончасига олиб кетаётиб, Ўзбекистон кўчасида юқори тезлик 60 км/соат белгиланган жойда 70 км/соат тезликда ҳаракатланган чоғда тезликни ўлчовчи асбоб, яъни «радар»га тушган.
«Радар» тезлик ўлчовчи мослама автоматик тартибда ушбу махсус эвакуатор автомашинаси устига ортилган «Матиз» русумли 20 F814DA давлат рақам белгили автомашинани ҳам суратга олиб КСУБД базасига жўнатган.
Қарор ижро этишлик учун Сирдарё вилояти ИИБ ЙҲХБ масъул ходимига келиб тушгандан сўнг эса уни асослигини ва бошқа реквизитлари тўғрилигини тасдиқлаш вақтида фақатгина «Мерседес-Бенц Спринт» русумли 20 Е 298 DA давлат белгили махсус эвакуатор юк машинаси тезликни оширганлиги сабабли жарима солиш тўғрисидаги қарор тасдиқланиб, қоидабузарнинг яшаш манзилига почта орқали жўнатилган.