Тест режимида

Хабарлар

Ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб беришни ваъда қилган фирибгарлар ушланди

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг хабарига кўра, Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ва ДХХнинг Жиззах вилоят бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят техник ва амалий спорт тури раҳбари О.Р. фуқаролар К.Қ. ва У.Т.га ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб бериш эвазига 1 100 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шу каби, Департамент ҳамда ДХХнинг Тўрткўл тумани бўлимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Ж.Ж. бошқа бир фуқаро Д.Б.нинг ишончига кириб, унга танишлари ёрдамида ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб бериш эвазига 450 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Департаментнинг Иштихон туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, “Ватанпарвар” ташкилоти Иштихон тумани ўқув спорт техника клуби ходимлари И.А. ва Б.С. фуқаро А.Х.га ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб бериш эвазига 3 млн сўмини фирибгарлик йўли билан қўлга киритганликлари аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.