Тест режимида

Хабарлар

Ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб беришни ваъда қилган фирибгарлар ушланди

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг хабарига кўра, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Қораўзак туман бўлими томонидан ИИВ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирларда фуқаролар Б.Б. (муқаддам судланган) ва Б.Ш. фуқаролар У.А. ва Д.У.ни ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун имтиҳондан ўтказиб бериш эвазига жами 11 млн сўмни олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шу каби, Департаментнинг Қўшработ туман бўлими томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда “Г.А.” МЧЖга қарашли авто мактаб ўқитувчиси С.Х. фуқаро С.А.га ушбу авто мактабда ўқиганлиги ҳақида ҳужжат тайёрлаб ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб бериш эвазига 700 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Департаментнинг Термиз шаҳар бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда эса, “T.A.” МЧЖ директори Ш.М. фуқаро К.Т.га 700 АҚШ доллари эвазига “В,С” тоифали ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб беришини айтиб, олдиндан 6,9 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.