Тест режимида

Хабарлар

Ҳайдовчилик гувоҳномалари олиб беришни ваъда қилган автомактаб ходимлари ушланди

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг хабарига кўра, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Тахиатош туман бўлими томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда “А.-22” МЧЖ автомактаби ўқитувчиси Р.Е. фуқаро А.К.ни ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун имтиҳондан ўтказиб бериши эвазига 3,2 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Шунингдек, Р.Е.нинг кўрсатувига асосан давом этган тадбирларда Нукус шаҳаридаги “А.” МЧЖ ўқитувчиси Қ.Е. Р.Е.дан 3,2 млн сўм ва 4 нафар фуқарога ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб бериш учун яна 10,1 млн сўмни олган вақтида, “А.К.” МЧЖ инструктори С.Б. Қ.Е.дан 12,5 млн сўмни олган вақтида ҳамда “А.К.” МЧЖ собиқ раҳбари Н.А. инструктор С.Б.дан жами 12,5 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланганлар.

Шу каби, Департаментнинг Когон шаҳар бўлими томонидан ИИБ ва Миллий гвардия ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Т.Х. фуқаро У.Т.га танишлари ёрдамида ҳайдовчилик гувоҳномаси олиш учун имтиҳондан ўтказиб қўйиши эвазига 500 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далилар билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.