Тест режимида

Хабарлар

Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов: “Мамлакат бўйлаб 50 та ЙПХ маскани ҳамда 90 та блок ва тўсиқ постларда кучайтирилган хизмат ташкил этилган”

Мамлакатимизда коронавирус тарқалишининг олдини олиш ҳамда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш ички ишлар органларининг энг асосий вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда.

Жумладан, карантин режими даврида хавфсизлик ва жамоат тартибини таъминлаш учун тузилган тезкор штаблар таҳлилларига кўра, жорий йилнинг 27 февралидан 27 мартига қадар мамлакатимизга чегара орқали кириб келган жами 852 896 нафар фуқаролар чегара хизмати ва тиббиёт ходимлари билан биргаликда кўрикдан ўтказилган. Тиббий кўрик давомида эпидемик вазият нохуш бўлган давлатлардан келган 91 106 нафар шахслар аниқланиб, яшаш манзили бўйича 14 кунлик тиббий кузатувга юборилган.

Бугунги кунда, карантинга олинганларнинг 25 595 нафари Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хулосаси асосида тиббий кузатувдан чиқарилган бўлиб, 65 511  нафари тиббий кузатувда қолмоқда. 

Тиббий кузатувдаги шахслардан 15 335 нафари шифохоналарда, 50 176 нафари уй шароитида сақланмоқда. Уй шароитида карантин ўтаётган фуқаролар, белгиланган қоидаларга риоя қилишлари, карантин тартибларини бузиб ташқарига чиқишларини олдини олиш ва аҳолининг хотиржамлигини таъминлаш мақсадида, ҳар бир уйга Ички ишлар органлари ва Миллий гвардия ходимлари, шунингдек, маҳалла раиси ва тиббиёт ходимлари бириктирилган.

Махсус ажратилган даволаш ва бошқа муассасаларда “умумий карантин”да сақланаётган, тиббий кузатувдаги шахсларнинг белгиланган қоидаларга риоя қилишлари, карантин тартибларини бузиб ташқарига чиқишларини олдини олиш, бир сўз билан айтганда, санитария чекловларини таъминлаш мақсадида, ушбу масканлар Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари ҳамда Ички ишлар ва Миллий Гвардия ходимлари томонидан қўриқловга олинган.

Чет элларда бўлган юртдошларимизни мамлакатимизга қайтариш борасидаги саъй-ҳаракатлар натижасида, бугунги кунга келиб, 20 та авиа ва 14 та темир йўл рейслари орқали хорижий мамлакатларда бўлган 7 682 нафар фуқаролар мамлакатимизга эвакуация қилиниб, 38 та тиббиёт муассасаларига жойлаштирилди. 

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 23 мартдаги “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 176-сон қарори ижросини таъмиинлаш мақсадида ҳам Ички ишлар вазирлиги томонидан бир қатор кечиктириб бўлмас тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, 2020 йил 24 март соат 00:01 дан бошлаб коронавирус инфекцияси асосан Тошкент шаҳри ҳудудида аниқланганлигини инобатга олиб ва ушбу инфекцияни республиканинг бошқа ҳудудларига тарқалишининг олдини олиш мақсадида бошқа ҳудудлардан Тошкент шаҳрига автотранспорт воситаларининг кириб келишини тўхтатиш чоралари кўрилди.

Тартибни тўлақонли амалга ошириш мақсадида Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатаётган 10 та ЙПХ маскани, 14 та блок ва тўсиқ постларда ҳамда Тошкент вилоятининг шаҳар билан чегара ҳудуларидаги 14 та блок ва тўсиқ постларда ходимларнинг хизмат фаолияти кучайтирилди.

Шунингдек, Тошкент вилояти ҳудудидан автотранспорт воситаларининг Тошкент шаҳрига кириб келиши мумкин бўлган 61 та айланма йўллар аниқланиб, ушбу йўлларни ёпиш чоралари кўрилди.

Бундан ташқари, бугунги вазиятдан келиб чиқиб, мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида фаолияти тўхтатилган 21 та ЙПХ маскани ҳамда 60 та блок ва тўсиқ постларнинг фаолияти қайта ташкил этилди.

Ҳозирда жами 50 та ЙПХ маскани, 90 та блок ва тўсиқ постларда Ички ишлар органлари, Мудофаа вазирлиги ҳамда Миллий гвардия ходимлари кучайтирилган тарзда хизмат олиб бормоқдалар.

Барча постларга Санитария-эпидемиология осойишталик агентлигининг ходимлари жалб этилиб, транспорт воситаларини дезинфекция қилиш ишлари йўлга қўйилди ҳамда Тошкент шаҳрига кирувчи ва чиқувчи шахсларда коронавирус инфекцияси аломатларини аниқлаш бўйича мажбурий тиббий назорат ўрнатилди.

Юртдошларимизнинг зарур бўлмаган ҳолларда уйдан чиқмасликлари, автоуловларнинг тирбандликларини юзага келтирмасликлари юзасидан тушунтиришлар олиб борилмоқда. Юқоридаги ҳаракатларнинг барчаси республикамиз ҳудудида ушбу хавфли инфекциянинг кенг тарқалиб кетишининг олдини олиш, ҳар бир юртдошимиз саломатлигини қатъий муҳофаза қилишга қаратилган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати