Қидирувдаги шахс Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ биносида қўлга олинди
Самарқанд вилоятининг Пайариқ туманида туғилган, ҳозирда Тошкент вилоятининг Қибрай туманида яшовчи, 1982 йилда туғилган фуқаро З.Я. одамлар ишончига киришга, ўзининг ёлғонлари билан уларни чув туширишга устаси фаранг бўлиб кетган. У ўзига шу даражада ишониб, манманликка берилиб кетганидан эҳтиёт бўлишни унутди. Навбатдаги жабрдийдани чув тушириб, уни алдаб, у билан спиртли ичимлик истеъмол қилиб транспорт воситасини бошқарди. Лекин, ЙПХ ходимлари унинг соҳта дўқларига, юқори мансабдаги танишлари билан қўрқитишларига парво ҳам қилишмади. Шундай қилиб фирибгар биринчи марта “синди”. Суд уни маълум муддатга ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилди.
Ҳар қандай одам бундан кейин ўзига тегишли хулоса чиқариши керак эди. Аммо З.Я. бундай қилмади. Яшаш жойи атрофида фирибгарлиги иш бермай қолгач, ўзи туғилган Самарқанд вилоятига йўл олди. Бу ерда ҳам бирин-кетин соддадил кишиларни домига илинтира бошлади. Иштаҳаси очилиб, каттароқ фирибгарликларга қўл урди. Аммо, одамлар алданиб қолаверишмайди, улар ИИБга ариза билан мурожаат қилишди. З.Я.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддаси, 4-қисм, “а” бандида кўрсатилган жиноятни содир этганлиги учун жиноят иши қўзғатилди. Бундан хабар топган фирибгар жуфтакни ростлаб қолди.
Бу орада унинг автотранспорт воситасини ҳайдаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган муддати тугади. Қибрайга қайтиб келгач у ҳайдовчилик гувоҳномасини қайтариб олиш мақсадида жорий йилнинг 13 апрель куни Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБнинг рўйхатлаш ва имтиҳон олиш бўлимига келди. Аризаларни расмийлаштириш учун ҳужжатларини Давлат ЙҲХХ инспектори Ш.Қосимовга тақдим этган З.Я. ҳозирда замонавий, инновацион технологиялар ёрдамида қидирув ишлари олиб борилишини билмай қолди ва шу ерда “қопқон”га тушди. Ходимлар зудлик билан Самарқанд вилоятидаги ҳамкасблари билан боғланиб аниқлик киритишди ва қидирувда бўлган фуқаро З.Я. вилоят ИИББга топширилди.
Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ Ахборот хизмати