Тест режимида

Хабарлар

ИИО ходимларига қаршилик кўрсатиб омма эътиборини ўзига қаратишга уринган ҳайдовчига 12 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди

Бугун Самарқанд шаҳрига кирувчи, чиқувчи ва шаҳар ичидаги йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда карантин қоидаларига тўлиқ амал қилинишини таъминлаш мақсадида ташкил этилган карантин постларида вилоят ИИБ ЙҲХБ ходимлари хизмат олиб боришмоқда.

Самарқанд вилояти ИИБ Ахборот хизматининг берган хабарига кўра, жорий йилнинг 23 апрель куни соат 16:00 лар атрофида Самарқанд шаҳрининг Спитаменшоҳ кўчасида мақсадсиз ва бесабаб ҳаракатланаётган транспорт воситаларини аниқлаш мақсадида ўтказилаётган назорат тадбирида “Нексия-3” русумли транспорт воситаси эгаси мақсадсиз юрганлиги аниқланган. Мазкур ҳайдовчи ЙПХ ходимларининг қонуний талабларини бажармай, уларга фаол қаршилик кўрсатган. Қолаверса, бу ҳолатда бутун оммани ўзига қаратиб, эътиборни тортишга уринган.

Ушбу вазиятда, ЙПХ ходимлари томонидан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, тўпланган ҳужжатлар Маъмурий судга тақдим этилган.

Мазкур ҳолат юзасидан, ушбу ҳуқуқбузарга Самарқанд шаҳар Маъмурий суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 34, 194-моддаси 1-қисми, 195-моддалари асосида 12 сутка маъмурий қамоқ жазоси белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати