ИИВ ЖХД ЙҲХХ раҳбарияти томонидан Хоразм вилоятида йўл инфратузилмасини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ўрганилди
Ҳудудларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, транспорт оқимини самарали ташкил қилиш, энг асосийси эса — фуқаролар учун хавфсиз ва қулай шароитлар яратиш мақсадида бир қатор амалий чора-тадбирлар олиб борилмоқда.
Хусусан: вилоятнинг Қўшкўпир туманида автомобиллар оқимини назорат қилиш ва тирбандликларнинг олдини олиш мақсадида айланма ҳаракат ташкил этилмоқда. Бу эса ҳайдовчилар учун қулайлик яратиш билан бирга, йўл-транспорт ҳодисалари хавфини камайтиради.
Шовот туманидан ўтувчи, қўшни Туркманистон Республикаси билан боғловчи автомобиль йўлида кенгайтириш ва таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда. Ушбу йўл халқаро аҳамиятга эга бўлиб, унинг замонавий ҳолатга келтирилиши юк ташиш ва йўловчи қатнови сифатини сезиларли даражада яхшилайди.
Гурлан туманида эса эскирган ва фойдаланишга яроқсиз ҳолга келган кўприк тўлиқ қайта қурилмоқда. Бу нафақат транспорт ҳаракатининг узлуксизлигини таъминлайди, балки маҳаллий аҳолининг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.
Янгибозор туманида пиёдалар ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Тумандаги аҳоли гавжум жойларда пиёдалар йўлаклари барпо этилиб, замонавий светофорлар ўрнатилмоқда. Бу эса мактаб ўқувчилари, ёши катта фуқаролар ва бошқа ҳаракат иштирокчиларининг хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.
ЙҲХХ раҳбариятининг жойларга чиққан ҳолда муаммоларни ўрганиши ва мавжуд камчиликларни жойида бартараф этишга қаратилган саъй-ҳаракатлари – фуқароларга хизмат қилиш, уларнинг ҳаётини хавфсизроқ қилиш йўлида қўйилган муҳим қадамлардир.