ИИВ ЖХД ЙҲХХ раҳбарияти Навоий вилоятида йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш мақсадида амалга оширилаётган ишлар юзасидан ўрганиш олиб борди
Навоий вилоятида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва йўл инфратузилмасини янада такомиллаштириш бўйича қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Ташриф доирасида ИИВ ЖХД ЙҲХХ раҳбарияти бошчилигида ҳудудда олиб борилаётган ишлар ўрганилиб, масъул ташкилотлар ва мутасаддилар иштирокида ҳаракат иштирокчилари учун янада қулай ва хавфсиз шарт-шароитлар яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Жумладан, Навоий шаҳрида "D-076-G" ва "85V001" автомобиль йўлларини ўзаро боғловчи 3,5 километрлик янги автомобиль йўли қурилиши лойиҳаси кўриб чиқилди. Мазкур лойиҳа тирбандликларни олдини олиш ва ҳаракат иштирокчилари учун қўшимча қулайликлар яратишга хизмат қилиши таъкидланди.
Шунингдек, А-379 “Навоий – Учқудуқ” автомобиль йўлида узоқ масофага ҳаракатланувчи ҳайдовчилар учун дам олиш ва транспорт воситаларини таъмирлаш имконини берувчи замонавий автотураргоҳлар қурилиши билан танишилди.
Навоий шаҳридаги Амир Темур ва Ислом Каримов кўчалари кесишмасидан шаҳар ҳокимлигигача бўлган ҳудудда амалга оширилаётган реконструкция ишлари ҳам кўздан кечирилди. Лойиҳа доирасида йўлнинг ўтказувчанлигини ошириш мақсадида у 2 тасмадан 6 тасмага кенгайтирилиб, ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш учун қўшимча муҳандислик ечимлари жорий этилмоқда.
Шунингдек, Навоий вилояти ҳокимлиги маъмурий биносида вилоят ҳокими ва ЙҲХХ раҳбари иштирокида йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга бағишланган танқидий-таҳлилий йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда вазирлик ва идоралар масъул ходимлари, маҳалла раислари ҳамда Навоий шаҳридаги мактабгача таълим ташкилотлари раҳбарлари иштирок этди.
Муҳокамалар давомида йўл-транспорт ҳодисаларининг келиб чиқиш сабаблари, уларнинг олдини олиш борасидаги мавжуд камчиликлар, транспорт оқимини самарали бошқариш, тирбандликларни камайтириш, шаҳарда замонавий автотураргоҳлар ташкил этиш ҳамда сифатли ва хавфсиз жамоат транспорти тизимини ривожлантириш масалалари атрофлича кўриб чиқилди.
Шу билан бирга, вояга етмаганлар иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, таълим муассасалари ва маҳаллаларда профилактик тадбирларни кучайтириш, йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш маданиятини юксалтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилиниб, масъулларга тегишли вазифа ва топшириқлар берилди.