Ижтимоий тармоқда “Қашқадарёда саводсиз ГАИ ходими” сарлавҳаси остида тарқалган видео лавҳа юзасидан маълумот
Жорий йилнинг 28 январь куни ижтимоий тармоқда “Қашқадарёда саводсиз ГАИ ходими” сарлавҳаси остидаги видео лавҳа тарқалди.
Видео лавҳа ўрганилганда, жорий йилнинг 20 январь куни белгиланган тақсимот асосида 4Р-79 “Қарши-Чим-Чироқчи-Шаҳрисабз” автомобиль йўлининг 6-километрида хизмат олиб борган вилоят ИИБ ЙҲХБ ходими Ж.Қурбонов томонидан “Нексия” русумли автомобиль 1.1 йўл ётиқ чизиғини босиб ҳаракатланганлиги учун тўхтатилганлиги ва ҳайдовчи Б.Х.га маъмурий баённома расмийлаштирилганлиги маълум бўлди.
Қарши шахар “Беклар” МФЙда яшовчи фуқароларнинг мурожаати асосида ушбу километрда орқага қайрилиб олиш жойи очилган.
Қайрилиб олиш жойида йўл харакатини ташкил этиш ва йўл белгилари билан бошқариш схемаси тегишли идоралар билан келишилган ҳолда 2021 йил 14 январь куни тасдиқланган. Тасдиқланган схемада кўрсатилиб ўтилган 5.11.1 “Қайрилиб олиш жойи”, 7.1.1 “Манзилгача бўлган масофа”, 5.8.1 “Бўлаклар бўйича харакат йўналиши” йўл белгилари ўрнатилмаганлиги ҳамда 1.6 (яқинлашиш чизиғи — ҳар бир чизиқ узунлиги улар орасидаги масофадан уч баробар катта бўлган узуқ-узуқ чизиқ) — қарама-қарши ёки бир йўналишда ҳаракатланаётган транспорт воситалари оқимларини ажратувчи 1.1 ёки 1.11 чизиғига яқинлашаётганлик ҳақида огоҳлантирувчи йўл чизиғи чизилмаганлиги маълум бўлди.
Мазкур ҳолат юзасидан Қашқадарё вилояти ИИБ ЙҲХБ томонидан хизмат текшируви ўтказилмоқда. Текширув давомида ҳайдовчига нисбатан расмийлаштирилган баённомага ҳуқуқий баҳо берилади.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати