Тест режимида

Хабарлар

Интернет тармоғида “Карантин даврида бу қандай ваҳшийлик” номли видеоролик тарқалиши факти бўйича тезкор хабар

5 апрель куни ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода «Lacetti», «Captiva», «Spark» русумли автомобиллар Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур ва Олмазор туманлари кўчаларида хавфли тарзда ва махсус товуш ва ёруғлик сигналларини ишлатган ҳолда ҳаракатланганликлари кўриниб турибди.
Аниқланишича, ушбу видеоролик 21 ёшли автоэлектрик Хусниддин Ш. Ва 23 ёшли видеомонтажчи Мавлонжон М. томонларидан жойланган. Суҳбат давомида аниқланишича, ролик жорий йилнинг 23 февраль куни Кичик халқа автомобиль йўлида, Генерал Узоқов ва Шифокорлар кўчасида юқоридаги электрикнинг хизматини реклама қилиш мақсадида олинган, автомобиллар эса унинг танишларига тегишли бўлган. Даставвал видеоролик Хуснидин Ш. Томонидан 1 март куни ижтимоий тармоқларга жойланган, 5 апрель куни эса нусхаланган. Ҳозирги карантин ва транспорт воситалари ҳаракати чеклови шароитида видеоролик тармоқ фойдаланувчиларининг норозиликларини уйғотди.
Транспорт воситалари ҳайдовчилари аниқландилар. «Lacetti» (давлат рақами 01 D 515 XA) русумли автомобиль ҳозирда 32 ёшли Зафар Н.га тегишли бўлиб, у машинани юқоридаги Мавлонжон М.дан 19 март куни (видео суратга олингандан сўнг) харид қилган. «Captiva» (давлат рақами 70 Q 111 OA) русумли автомобиль 24 ёшли қашқадарёлик Тохирбек Ш.га тегишли. «Spark» (давлат рақами 01 T 077 CA) русумли автомобиль эса 24 ёшли Азизбек У.га тегишли.
Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари ёруғлик ва товуш мосламалари ноқонуний тарзда ўрнатилганлигини, шунингдек транспорт воситалари гуруҳ бўлиб ҳаракатланиб, бу билан йўл ҳаракати хавфсизлигига таҳдид солинганлиги фактларини аниқлашди.
Қоидабузарларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 127 моддаси (“Транспорт воситаларининг товуш чиқарувчи, ёритувчи ва бошқа қурилмаларидан фойдаланиш, уларни ўрнатиш қоидаларини бузиш”) ҳамда 183 моддаси (“Майда безорилик”) бўйича баённомалар расмийлаштирилди. Эслатиб ўтамиз, майда безорилик, яъни жамоат жойларида уятли сўзлар билан сўкиниш, фуқароларга ҳақоратомуз шилқимлик қилиш ҳамда жамоат тартибини ва фуқароларнинг осойишталигини бузувчи шу каби бошқа хатти-ҳаракатларда ифодаланган жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимаслик – базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 291 моддасига мувофиқ автомобиллар жарима майдончасига жойланади. Текширув давом этмоқда. Шайхонтоҳур тумани прокуратураси томонидан қоидабузарларга нисбатан маъмурий қамоқ қўллаш масаласи ҳал қилинмоқда.
Ҳурматли ҳамшаҳарлар ва Тошкент меҳмонлари! Йўлларда бу каби “кўнгилхушликлар” қилиш ва уларни ижтимоий тармоқларга жойлаш ҳар қандай даврда ҳам ноўриндир, айниқса бугунги кунда. Йўл ҳаракати қоидалари ва жамоат тартиби бузилишини ижтимоий тармоқлардаги медиаконтент орқали оммалаштиришнинг кераги йўқ. Видеоблогинг учун бошқа мавзуларни танланг, чунки ушбу йўналиш сизнинг автомобилларингизни шинамгина жарима майдончасига жойлашишига, ўзингизни эса Тошкент шаҳар ИИББнинг халқда “15 сутка” деб номланувчи махсус қабулхонасига тушишингизга олиб келади.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати