Интернет тармоғидаги видео қаҳрамони автомобилни ҳужжатсиз бошқарган
Интернет тармоғида тарқалган видеода “Matiz” русумли автомобиль ҳайдовчиси иккита бошқа автомобилларнинг ҳаракатига тўсқинлик қилиши оқибатида йўлда келишмовчилик юзага келгани акс этган. Ушбу факт бўйича Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати қуйидагиларни маълум қилади:
"Автомобиль ҳайдовчисининг шахси аниқланиб, у – 23 ёшли Наримон Х. эканлиги маълум бўлган. Видео 7 май куни тахминан соат 14.00 да Чилонзор туманидаги Эшон-Гузар бозори яқинидаги Тошкент халқа автомобиль йўлида суратга олинган. Текширув давомида аниқланишича, Наримон Х. унга тегишли бўлмаган “Matiz” русумли автомобилни (давлат рақами 01 J 278 SA) тегишли ҳужжатларсиз бошқарган, унда ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳам, ишончнома ҳам, суғуртаси ҳам мавжуд бўлмаган. Йигитнинг бу ишни зарурат юзасидан қилганлигини, қариндошини шошилинч равишда шифокорга олиб бориши керак бўлганлигини айтди. Бу каби ҳолатларда биз транспорт бошқариш учун қонуний ҳуқуққа эга бўлган бошқа ҳайдовчилар хизматларидан фойдаланишни тавсия этамиз.
Наримон Х.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 135 моддасига (“Йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши”) мувофиқ баённома расмийлаштирилган. Автомобиль жарима майдончасига жойланган.
Ҳурматли ҳайдовчилар! Йўллар – юқори хавф мавжуд бўлган жойдир, баҳслашиш жойи эмас. Ўзаро хушмуомала бўлинг, Йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилинг." дейилади хабарда.
Тошкент шаҳар ИИББ Ахборот хизмати