Ижтимоий тармоқда "Андижонда ГАИ ходимлари билан жанжал" сарлавҳаси остида тарқалган видео лавҳа юзасидан маълумот
Жорий йилнинг 9 апрель куни соат 19:30ларда, Андижон вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХ ходими А.Махмудов томонидан Андижон шаҳар, Чўлпоншоҳ кўчасида "Нексия-3" русумли автомобиль тўхтатилиб текширилганда, ён ойналари тегишли рухсатномасиз, олд ойнаси эса тусини ўзгартириш мумкин бўлмасада туси ўзгартирилганлиги (тонировка) аниқланган.
Белгиланган тартибда баённома расмийлаштирилиши вақтида, ҳайдовчи, 1992 йилда туғилган А.Ш.нинг ЙПХ ходимига кўрсатган фаол қаршилиги атрофда фуқаролар тўпланишига сабаб бўлган.
ППХ ва Миллий гвардия ходимлари ёрдамида юзага келган низоли вазият бартараф этилиб, ўрнатилган тартибда маъмурий баённома тузилган ва автомобиль вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Андижон шаҳар ИИО ФМБ томонидан қўшимча суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати