Ижтимоий тармоқда “Бухорода саводсиз гаи ходими ёхуд илтимос менга протокол ёзинг” сарлавҳаси остида тарқалган видео лавҳа юзасидан муносабат
Жорий йилнинг 24 июнь куни ижтимоий тармоқда “Бухорода саводсиз гаи ходими ёхуд илтимос менга протокол ёзинг” сарлавҳаси остида видео лавҳа тарқалди.
Видео лавҳа Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ томонидан ўрганилганда, жорий йилнинг 20 июнь куни соат 18:45 ларда, Бухоро вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХО 2-сафарбар гуруҳи ЙПХ инспектори А.Йўлдошев белгиланган дислокацияга асосан, Бухоро шаҳри “И.Каримов” ва “Б.Нақшбанд” кўчалари кесишган чорраҳада хизмат олиб бораётган вақтида “Нексия-3” русумли, 80 Х 414 МА давлат рақам белгили транспорт воситаси ҳайдовчисини тўхтатган.
Ҳайдовчининг олдига бориб, ўзини таништириб, меъёрий ҳужжатларини тақдим қилишини сўраган. Ҳайдовчи нима сабабдан тўхтатилганлигини сўраганида, А.Йўлдошев ҳайдовчининг ҳужжатларини текшириш мақсадида тўхтатганлигини тушунтирган.
Ҳайдовчи меъёрий ҳужжатларини ЙПХ инспекторига тақдим қилган. ЙПХ инспектори ҳайдовчи бошқарувидаги транспорт воситасининг товуш чиқарувчи мосламаси ишлаётганлигини текшириш мақсадида мосламани ишлатиб кўришни сўраган. Ҳайдовчи фақат ҳужжатларни текшириш мақсадида тўхтатилганлигини эслатиб, мосламани ишлатмаслигини айтган.
Ҳайдовчи ЙПХ инспекторидан хизмат гувоҳномасини кўрсатишини талаб қилган вақтда ходим хизмат гувоҳномасини кўрсатмаган.
ЙПХ ходими ҳайдовчига нисбатан носамимий муносабатда бўлган ва ҳужжатларини қайтариб берган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ томонидан хизмат текшируви тайинланди. Текширув хулосаси бўйича қўшимча маълумот берилади.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати