Ижтимоий тармоқда “Гаи ходими ҳайдовчидан ҳужжатларини сўраганда, ҳайдовчи гаи ходими қўлларини аввал антисептик воситаларда тозалашини сўради” сарлавҳаси остида тарқалган видео лавҳа юзасидан муносабат
Жорий йилнинг 25 июнь куни ижтимоий тармоқда “Гаи ходими ҳайдовчидан ҳужжатларини сўраганда, ҳайдовчи гаи ходими қўлларини аввал антисептик воситаларда тозалашини сўради” сарлавҳаси остидаги видео лавҳа тарқалди.
Видео лавҳа Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ томонидан ўрганиб чиқилганда, ушбу ҳолат жорий йилнинг 17 июнь куни Сурхондарё вилояти, Термиз шаҳри қизил ҳудуд бўлганлиги сабабли, “Намуна” ҚФЙда шаҳарга чиқиш ва киришни назорат қилиш учун ташкил этилган вақтинчалик карантин постида содир бўлганлиги аниқланди.
Ушбу постда хизмат олиб борган ЙПХ ходимлари “Кобальт” русумли, давлат рақам белгиси 75 Y 515 KA бўлган транспорт воситаси ҳайдовчисидан сунъий тирбандлик юзага келтирмаслигини сўраган. Ушбу вақтда ЙПХО штаб катта инспектори Б.Избосаров вазиятни кўриб, сунъий тирбандлик юзага келтирган ҳайдовчидан меъёрий ҳужжатларини тақдим қилишини сўраган.
Ҳайдовчи ЙПХ ходими қўлини аввал антисептик воситада тозалагандан кейин ҳужжатларини тақдим қилган.
Б.Избосаров ҳайдовчининг мажбурий суғурта полиси муддати ўтганлиги бўйича эътироз билдирган ва ҳайдовчидан автомашинасини йўл четига тўхтатишини сўраган.
Ҳайдовчи коронавирусга қарши курашиш мақсадида тузилган махсус комиссиянинг ахборотига кўра карантин вақтида муддати тугаган рухсат берувчи барча ҳужжатларнинг амалиш қилиш муддати 2020 йил 1 июлга қадар узайтирилганлигини айтган.
ЙПХ ходими етарлича билим ва маълумотга эга эмаслиги сабабли ҳайдовчига нотўғри эътироз қилган. Шунингдек, ЙПХ ходими Б.Избосаров бодикамерасиз ҳайдовчи билан мулоқотга киришган.
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ томонидан хизмат текшируви тайинланди. Текширув хулосаси бўйича қўшимча маълумот берилади.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати