Тест режимида

Хабарлар

Ижтимоий тармоқда “ЙПХ ходими ва фуқаро ўртасида тортишув” сарлавҳаси остида тарқалган видео лавҳа юзасидан маълумот

Жорий йилнинг 16 февраль куни ижтимоий тармоқда “ЙПХ ходими ва фуқаро ўртасида тортишув” сарлавҳаси остидаги видео лавҳа тарқалди.

Видео лавҳа ўрганилганда, жорий йилнинг 14 февраль куни Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ЙПХ ходими У.Султанов тақсимот асосида тунги хизматга Бектемир тумани ҳудудига жалб этилган ва хизмати давомида Х.Бойқаро кўчасида, соат 03:00ларда “Каптива” русумли автомобилни тўхтатган.

Текширув давомида, ҳайдовчи ва ходим ўртасидаги ўзаро мулоқотга автомобилда бўлган йўловчи аралашган. ЙПХ ходимидан тўхтатиш асосини сўраб эътироз билдирган. ЙПХ ходими ҳайдовчига тушунтириш беришини, йўловчига тушунтириш беришга мажбур эмаслигини айтган. Ушбу вақтда ходим ҳамда йўловчи ўртасида ўзаро тортишув юзага келган.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ томонидан хизмат текшируви ўтказилиб, воқеа сабабларига ойдинлик киритилмоқда.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрда 975-сон қарори билан тасдиқланган “Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 3-боби 17-бандида “ЙПХ ходими йўл ҳаракати қатнашчисини тўхтатганда ёки у томонидан содир этилган қоидалар бузилишини расмийлаштириш жараёнида ҳолатга дахлдор бўлмаган ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган ваколатга эга бўлмаган шахсларга қоидалар бузилишини расмийлаштириш юзасидан тушунтириш беришга мажбур эмас”лиги белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати