Ижтимоий тармоқда “Маст ҳолатдаги эвакуатор ҳайдовчисига ЙПХ ходимлари индашмади” сарлавҳаси остида тарқалган видео лавҳа юзасидан маълумот
Жорий йилнинг 4 февраль куни ижтимоий тармоқда “Маст ҳолатдаги эвакуатор ҳайдовчисига ЙПХ ходимлари индашмади” сарлавҳаси остидаги видео лавҳа тарқалди.
Видео лавҳа ўрганилганда, жорий йилнинг 4 февраль куни соат 22:00ларда, Хоразм вилояти, Хонқа тумани ҳудудидан ўтган 4Р-156 автомобиль йўлининг 13-километрига белгиланган тақсимот асосида хизматга жалб этилган ЙПХ ходими А.Собиров томонидан ҳайдовчи, 1999 йилда туғилган А.А. бошқарувидаги “Ласетти” русумли автомобиль тўхтатилган.
Текширув давомида ҳайдовчи томонидан меъёрий ҳужжатлар тақдим этилмагани сабаб, ЙПХ ходими тегишли чора кўриш мақсадида автомобилни жарима майдончасига олиб бориш учун махсус эвакуаторни чақирган.
Автомобиль эвакуаторга ортилгандан сўнг, ҳайдовчи А.А. ва унинг бошқарувида бўлган автомобиль йўловчилари томонидан эвакуатор ҳайдовчиси маст ҳолатда эканлиги айтилиб, эътироз билдирилган.
Эвакуатор ҳайдовчиси Ш.К. ушбу вақтда бошқарувни бирга келган шериги М.О.га топширган. Шундан сўнг, соат 23:15ларда эвакуатор ҳайдовчисининг мастлик ҳолати “Алкотестер” мосламаси ёрдамида текшириб кўрилганда, ҳайдовчи томонидан чиқарилган ҳаводаги этанол буғлари концентрацияси кўрсаткичи 0.124 миллиграммни кўрсатганлиги маълум бўлган.
Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Олий суди ва Бош прокуратурасининг 2018 йил 20 ноябрдаги 52, 74, 11-192-18, 68-ққ-сон қарорига илова қилинган “Транспорт воситалари ҳайдовчиларининг маст ҳолатда эканлигини аниқлаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 2-боб, 10-бандида “Транспорт воситаси ҳайдовчиси томонидан чиқарилган ҳаводаги этанол буғлари концентрацияси кўрсаткичи 0,135 миллиграмм ва ундан юқори бўлган ҳолларда ДЙҲХХ ходими ҳайдовчига нисбатан алкоголли ичимлик истеъмол қилганлиги факти юзасидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 131-моддасига мувофиқ маъмурий баённома расмийлаштиради” деб белгиланганлиги сабаб ҳайдовчи маст ҳолатда эканлиги тасдиқланмаган.
Видео лавҳада акс этган ҳолатлар юзасидан Хоразм вилояти ИИБ ЙҲХБ томонидан хизмат текшируви ўтказилиб, қўшимча суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати