Ижтимоий тармоқда “Миришкор тумани ЙПХ ходими белгилар фарқига бормайдими?” сарлавҳаси остида тарқалган видео лавҳа юзасидан муносабат
Жорий йилнинг 3 октябрь куни ижтимоий тармоқда “Миришкор тумани ЙПХ ходими белгилар фарқига бормайдими?” сарлавҳаси остидаги видео лавҳа тарқалди.
Видео лавҳа ўрганилганда, жорий йилнинг 30 сентябрь куни Миришкор тумани ИИБ ЙҲХГ ЙПХ испектори Н.Бўриев белгиланган тақсимот асосида Жейнов қишлоғи ҳудудидан ўтувчи 4К278 йўлининг 38-километрида хизмат олиб бораётган вақтида, “Жейнов деҳқон бозори” рўпарасида ўрнатилган 3.27. - “Тўхташ тақиқланган” ва ушбу йўл белгиси остида ўрнатилган 7.1.1. – “Манзилгача бўлган масофа” йўл белгиларидан кейин тўхтаб турган “Матиз” русумли 70 С 418 DА давлат рақам белгили автомобиль ҳайдовчисининг ёнига бориб, ўзини таништириб, тақиқловчи белги таъсир доирасида тўхтаб турганлигига эътироз билдирган. Ҳайдовчи ҳам ўз эътирозларини, йўл белгиси 150 м масофадан сўнг таъсир этишини айтиб, ҳолатни шахсий уяли алоқа воситаси орқали тасвирга олган ва ижтимоий тармоқда тарқатган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қашқадарё вилояти ИИБ ЙҲХБ томонидан хизмат текшируви ўтказилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати