Ижтимоий тармоқда "Қорақалпоғистонда ЙПХ ходими фуқарони қувалаб урди" сарлавҳаси остида тарқалган видео лавҳа юзасидан маълумот
Жорий йилнинг 18 апрель куни Қорақалпоғистон Республикаси, Қўнғирот тумани ҳудудида, деҳқон бозори атрофида хизмат олиб бораётган ЙПХ ходими А.Алламбергановнинг ёнига маст ҳолдаги фуқаро келиб, ходимга нисбатан турли ҳаракатлар билан хизмат фаолиятига халақит берган. Ходим фуқарога маст ҳолда эканлигини, яшаш уйига бориши зарурлигини таъкидлашига қарамасдан, турли сўзлар билан ходимга халақит беришда давом этган.
Шундан сўнг, ЙПХ ходими ва фуқаро ўртасида низоли ҳолат юзага келган. ЙПХ ходими фуқарони тиббий кўрикдан ўтишга таклиф қилган ва тиббий кўрик хулосасига кўра, мастлик ҳолати тасдиқланган.
ЙПХ ходими туман ИИБ бошлиғи номига билдирги орқали мурожаат қилиб, бўлиб ўтган ҳолатни батафсил баён қилган ва тегишли тартибда кўриб чиқилишини сўраган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қўнғирот тумани ИИБ томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати