Тест режимида

Хабарлар

Ижтимоий тармоқда “Радарлар ноқонуний жарима ёзмоқда” сарлавҳали остида тарқалган мурожаат юзасидан муносабат

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 апрелдаги ПФ-5005-сонли “Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, шунингдек йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 11 июлдаги ПҚ-3127-сонли “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ушбу қарорда – ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш ва уларга чек қўйишнинг, назоратнинг юқори самарадорлигини таъминловчи йўл ҳаракатини автоматлаштирилган тарзда тартибга солиш, видеокузатув ва йўл ҳаракати қоидалари бузилишини қайд этиш тизимларини, бошқа техник воситаларни янада кенгайтириш;

– йўлларни сақлаш ва уларни йўл белгилари, ахборот кўрсатгичлари, йўл ҳаракатини тартибга солишнинг бошқа техник воситалари билан жиҳозлаш бўйича ўрнатилган талабларга сўзсиз риоя этилишини таъминлаш;

– фуқаролар орасида йўл ҳаракати иштирокчиларининг йўл ҳаракати қоидаларига риоя қилиш маданиятини оширишга қаратилган самарали тушунтириш ишлари тизимини, шу жумладан аҳоли орасида тарғибот-ташвиқот ишларининг шакл ва усулларини кенгайтириш ҳамда такомиллаштириш орқали ривожлантириш;

– йўллар ва темир йўлни кесиб ўтадиган жойдан фойдаланиш, аниқланган авариявий ўчоқларни йўқ қилиш, ҳаракат тезлигини чеклаш бўйича чораларни кўриш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилган.

Юқоридаги вазифаларни бажариш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 октябрдаги “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасида инвестициявий лойиҳани амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3989 карори қабул қилинди.

Ушбу қарорга мувофиқ Германиянинг - “ATLAS International” компанияси томонидан йўл ҳаракати қоидалари бузилишини фото-видео фиксация қилишнинг автоматлаштирилган тизимини Андижон, Наманган, Тошкент ва Фарғона вилоятлари ҳудудида жорий этиш амалга оширилмоқда.

Мазкур қарор доирасида 50 та мобиль комплекслар маҳаллий “Nexia-3” русумли янги автотранспорт воситаларига ўрнатилиб, юқорида қайд этилган худудларда фаолият кўрсатмоқда.

Маълумот учун: Дунёнинг ривожланган мамлакатларида, жумладан Германия давлатида мобиль комплекслардан, яъни ҳаракатланиб тезликни аниқлаш тизимидан самарали фойдаланилмоқда.

Тошкент, Наманган, Фарғона ва Андижон вилоятлари ҳудудида хизматда фойдаланиб келинаётган мобиль фото-видеофиксация комплекслари ёрдамида бугунги кунга қадар жами 712 243 та қоидабузарлик аниқланган.

- Тошкент вилояти - 408 574 та;

- Наманган вилояти - 127 602 та;

- Фарғона вилояти - 91 424 та;

- Андижон вилояти - 84 641 та.

Ушбу қоидабузарликлар содир этилиши мумкин бўлган кўплаб йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга хизмат қилган.
Бугунги кунда республика бўйича жами 279 та фоторадарлар мавжуд бўлиб, улардан 126 таси стационар, 103 таси кўчма ва 50 таси мобиль ускуналарнинг барчаси онлайн режимида ишламоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йилнинг 16 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6247-сон Фармонининг 1-иловаси 26-банди ижросини таъминлаш бўйича махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш дастурий-техник воситалари ўрнатилган аниқ манзиллар, индивидуал тартибда ҳар бир дастурий-техник воситаси қайд этадиган йўл ҳаракати қоидалари бузилиши тури юзасидан маълумотлар жорий йилнинг 5-8 июль кунлари республика бўйича мавжуд онлайн режимда ишловчи 126 та стационар фоторадарлар ва 349 та интеллектуал режимида ишловчи камералар тўғрисида маълумот “yhxbb.uz” расмий веб-сайтида эълон қилинган. Бугунги кунда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасига тегишли барча маълумотлар очиқ ва шаффоф тарзда ОАВларида ҳамда ижтимоий тармоқларда бериб борилмоқда.

Жорий йилнинг ўтган 6 ойи мобайнида республика бўйича жами 3753 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган бўлиб бунинг натижасида 954 нафар фуқаро ҳалок бўлган ва 3170 нафар фуқаро турли даражадаги тан жароҳатлари олган. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, умумий йўл-транспорт ҳодисаларининг асосий қисми, яъни қарийиб 28 фоизи ҳайдовчилар томонидан белгиланган тезлик меъёрларини бузиш оқибатида келиб чиққан.

Амалдаги қонунчиликка кўра, Йўл ҳаракати қатнашчиларининг қоидаларга риоя этишларини назорат қилиш мақсадида махсус мосламалардан фойдаланилади.

ЙПХ ходимлари томонидан йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳаракатини назорат қилишда фойдаланиладиган махсус мосламалар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда текширувдан ўтказилади.
Қоидалар бузилишининг олдини олиш учун ЙПХ ходими патруль автомобили, махсус мосламаларни имитация қилувчи қурилмалар (макетлар, манекенлар) ёрдамидан фойдаланиши мумкин.

Бундан хулоса шуки, тезлик меъёрлари бажарилишини назорат қилишда, қоидабузарликларни жиловлашда автомобиль йўлларига ўрнатилаётган фото-видео қайд этиш мосламалари зарурий омил ҳисобланади.

Таъкидлаб ўтиш лозимки, радарларнинг ўрнатилишидан асосий мақсад йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш, йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олишдан иборатдир.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати