Ижтимоий тармоқда “Сурхондарёда ЙПХ ходими ҳайдовчига куч ишлатди” сарлавҳаси остида тарқалган видео лавҳа юзасидан маълумот
Жорий йилнинг 4 февраль куни ижтимоий тармоқда “Сурхондарёда ЙПХ ходими ҳайдовчига куч ишлатди” сарлавҳаси остидаги видео лавҳа тарқалди.
Видео лавҳада акс этган ҳолат ўрганилди.
2020 йилнинг 29 август куни Сурхондарё вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХ ходимлари А.Ғаппоров ва Ж.Қўлтўраевлар белгиланган тақсимот асосида Бойсун тумани ҳудудида хизмат олиб борган вақтида, 4Р-105 автомобиль йўлининг 105-километрида “Нексия” русумли автомобиль тўхтатилиб текширилганда, ҳайдовчининг оғиз бўшлиғидан спиртли ичимлик ҳиди келганлиги сабаб тиббий текширувга таклиф этилган. Ҳайдовчи ушбу вақтда ЙПХ ходимларига қаршилик кўрсатиб, жавобгарликка тортилиши мумкинлигини билиб, воқеа жойидан қочишга уринган. Кўрилган чоралар натижасида ҳайдовчи 1979 йилда туғилган Н.Б. тиббий кўрикдан ўтган ва шифокор берган хулосага кўра, ҳайдовчининг мастлик ҳолати тасдиқланган.
Йўл ҳаракати қоидаларининг 9 ҳамда 12-бандлари талабларини бузганлиги бўйича ҳайдовчи Н.Б.га нисбатан ЙПХ ходими томонидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 125-моддаси 1-қисми (ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини бошқаришда хавфсизлик камаридан фойдаланиш қоидаларига риоя этмаслиги) ва 131-моддаси 1-қисми (ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини алкоголли ичимликдан, гиёванд модда таъсиридан ёки ўзгача тарзда маст ҳолда бошқариши) тартибида маъмурий баённома тузилган ва автомобиль вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирилган.
Жиноят ишлари бўйича Бойсун тумани суди томонидан фуқаро Н.Б. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 125-моддаси 1-қисми ҳамда 131-моддаси 1-қисмида кўрсатилган ҳуқуқбузарликларни содир қилган деб топилиб, унга нисбатан 1 (бир) йил 6 (олти) ой муддатга барча турдаги транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум бўлиш ҳамда БҲМнинг 8 (саккиз) баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати