Ижтимоий тармоқда тарқалган мақола юзасидан Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг муносабати
Жорий йилнинг 13 апрель куни «Халқ сўзи» газетаcининг ижтимоий тармоқдаги расмий каналида “Шифокорларнинг автомашиналари ҳам жарима майдончасига қўйилаяптими? Ушбу ҳолатга депутат муносабат билдирди” сарлавҳали мақола эълон қилинган.
Ушбу мақолада келтирилган ҳолатлар Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан ўрганиб чиқилди ва қуйидагилар маълум қилинади.
Ўзбекистон Республикасига коронавирус инфекциясининг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг (кейинги ўринларда – Махсус комиссия) 2020 йил 8 апрелдаги 17-сон баёни билан автотранспорт воситалари ҳаракатланишига рухсатномалар талаб этилмайдиган ҳолатлар рўйхати тасдиқланди.
Рўйхатнинг биринчи бандида Давлат соғлиқни сақлаш тизимидаги тиббий-санитария ва эпидемиологик хизматлар кўрсатувчи ташкилотларнинг хизмат ва ходимларининг шахсий автотранспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун рухсатнома талаб этилмаслиги белгилаб берилган.
Шу билан бирга, 17-сон баён талабларига кўра автотранспорт воситаларида ҳаракатланаётган тиббиёт ходимлари ёнида Давлат соғлиқни сақлаш тизимидаги тиббий-санитария ва эпидемиологик хизматлар кўрсатувчи ташкилотларда фаолият юритаётганлиги тўғрисидаги меҳнат дафтарчасидан нусха ва иш жойидан тасдиқловчи ҳужжат бўлиши шарт.
Таъкидлаб ўтиш лозимки, Махсус комиссиянинг қарорлари талабларини бажармаслик карантин талабларини бузган деб ҳисобланади ва тегишли маъмурий чоралар кўрилади.
Карантин талаблари бузганлик учун маъмурий баённомалар Ички ишлар органлари ходимлари (кейинги ўринларда – ИИО) томонидан эмас, балки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси (кейинги ўринларда – СЭН) ходимлари томонидан тузилади.
Бугунги кунда ташкил этилган постларда ИИО ва СЭН ходимлари ҳамкорликда хизмат олиб боришмоқда.
Махсус комиссиянинг 2020 йил 4 апрелдаги 16-сон баёнида карантин талабларни бузиб ҳаракатланаётган автотранспорт воситаларининг ҳуқуқбузарликни давом эттиришининг олдини олиш мақсадида ушбу автотранспорт воситаларини жарима майдонига жойлаштириш белгилаб қўйилган.
Ижтимоий тармоқларда эълон қилинган мақолада ИИО ходимлари белгиланган талабларни бузганлиги тўғрисида аниқ бирор-бир мисол келтирилмаган. Шунингдек, бугунги кунда ИИО ходимлари қандай вазифаларни бажараётганлиги тўлиқ ўрганиб чиқилмасдан, ходимларга асоссиз айбловлар эълон қилинган.
Ваҳоланки, ИИО ходимлари СЭН ходимлари билан ҳамкорликда бугунги кунга қадар карантин қоидаларини бузиб ҳаракатланган 7077 та автотранспорт воситаси аниқланиб, тегишли маъмурий чоралар кўрилди.
Шунингдек, айрим шахслар ўзларининг автотранспорт воситаларида тўсиқсиз ҳаракатланишлари мақсадида ўзларини тиббиёт ходимлари деб таништириб, каратин талабларини қўпол равишда бузиш, бунинг устига ИИО ва СЭН ходимларининг қонуний талабларига бўйсинмаслик ва қатъий қаршилик кўрсатиш ҳолатлари кўплаб учрамоқда.
Масалан, 2020 йил 11 апрель куни Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳрида ташкил этилган постда хизмат олиб бораётган ИИО ходимлари томонидан тўхтатилган “Кобальт” русумли транспорт воситаси ҳайдовчиси Х.Қ. ўзини тиббиёт ходими деб таништирган ва дори-дармон “доставка” қилиш билан шуғулланишини айтган. Ҳайдовчи Х.Қ.дан тиббиёт ходими эканлигини тасдиқловчи ҳужжат сўралганда бирор бир тасдиқловчи ҳужжат тақдим эта олмаган. Бу ҳаракатлари билан Х.Қ. карантин талабларини қўпол равишда бузган.
Ҳолат юзасидан маъмурий баённома расмийлаштираётган СЭН ходимига (аёл киши бўлган) ҳайдовчи Х.Қ. қатъий қаршилик кўрсатиб, ходимнинг қўлидан маъмурий баённомалар тортиб олиб, жанжал кўтарган. Бунинг устига ИИО ходимининг хизмат кийимини йиртган.
Ушбу ҳолат бўйича Самарқанд вилояти Пастдарғом тумани суди томонидан ҳайдовчи Х.Қ.га нисбатан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
2020 йил 5 апрель куни Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида хизмат олиб бораётган ИИО ходимлари томонидан тўхтатилган “Нексия-3” русумли транспорт воситаси ҳайдовчиси И.А. ўзини тиббиёт ходими деб таништирган. Ҳайдовчи И.А.дан тиббиёт ходими эканлигини тасдиқловчи ҳужжат сўралганда, бирор бир тасдиқловчи ҳужжат тақдим эта олмаган. Бунинг устига ҳайдовчи И.А. карантин талабларини қўпол равишда бузиб, маълум миқдордаги пул эвазига 3 нафар фуқарони ноқонуний равишда ташиётганлиги аниқланган.
Ҳайдовчига каратин талаблари тушунтирилаётганда ИИО ва СЭН ходимларига ноўрин гаплар билан жавоб қайтарган. Ҳолат бўйича тегишли маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, автомобиль жарима майдончасига қўйилган.
Махсус комиссия қарорлари талабларини тўлиқ бажариш, санаб ўтилган каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ҳар бир автотранспорт воситалари ИИО ходимлари томонидан синчковлик билан текширилмоқда.
Таъкидлаб ўтиш лозимки, Махсус комиссия томонидан қабул қилинган қарорлар ижросини тўлақонли бажариш мақсадида Ички ишлар вазирлиги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан доимий ҳамкорликда фаолият олиб бормоқда.
Шу билан бирга Ички ишлар вазирлиги томонидан Махсус комиссиянинг қарорлари талабларига зид бўлган бирор-бир норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинмаган.
Шунингдек, ИИО органлари ходимлари ўзларига юклатилган вазифаларни ҳар қандай об-ҳаво шароитида, туну-кун бажариб келишмоқда.
Мақола муаллифига аввалом бор карантин шароитида ИИО ва СЭН ходимларининг хизмат фаолияти билан яқиндан танишиб, кейин хулоса чиқаришини тавсия этардик.
Бизнинг асосий мақсадимиз, тегишли Давлат идоралари билан ҳамкорликда Махсус комиссия қарорларини тўлиқ бажариш ҳамда коронавируснинг тарқалишининг олдини олишдан иборат эканлигини яна бир бор эслатиб ўтамиз.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати