Ижтимоий тармоқда тарқалган видео юзасидан маълумот
Ижтимоий тармоқларда "Давлат рақам белгиси 01 454 VSD бўлган патруль автомобилининг маёқчасини болакай ёқиб қўйгани, ИИО ходими гўёки маёқчаларни ёқиб хизмат фаолиятини олиб бораётгандай, аслида эса шахсий манфаати йўлида оилавий фойдаланаётгани айтилмоқда" изоҳи билан видео тарқалди.
Ҳолат ўрганилганда, 2021 йил 26 август куни Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ ЙПХ ходими Б.Шомуродов фарзандининг саломатлиги ёмонлашганлиги сабаб, ўзига хизматда фойдаланиш учун бириктирилган "Ласетти" русумли, 01 454 VSD давлат рақам белгили автомобилда яшаш уйига бориб, фарзандини шифохонага олиб борганлиги, шунингдек бошқа оила аъзолари билан "Covid-19" вируси мавжуд ёки йўқлигини текшириш мақсадида тест топширганлиги, ушбу жараёнларда махсус хизмат автомобилидан фойдаланганлиги маълум бўлди.
Ҳозирги пандемия вақтида ходимнинг хатти-ҳаракати мақсадли эканлиги, фарзанд саломатлиги ҳар қандай инсон учун биринчи навбатда зарурлиги инобатга олинди.
Ижтимоий тармоқ фаолларидан ҳар қандай видео ва хабарларни батафсил ўрганмасдан турли изоҳлар билан тарқатмасликларини сўраймиз.