Ижтимоий тармоқда тарқалган видео лавҳага муносабат
Жорий йилнинг 31 март куни ижтимоий тармоқларга “Бухорода ДАН ходими ҳамда ҳайдовчи ўртасида ишкал” сарлавҳаси остида видео лавҳа жойлаштирилди.
Видео лавҳа юзасидан Бухоро вилояти ИИБ Ахборот хизматининг хабарига кўра, жорий йилнинг 19 март куни Бухоро вилояти ИИБ ЙҲХБ 3-сафарбар гуруҳ ЙПХ катта инспектори Ж.Олимов белгиланган тақсимот асосида Шофиркон тумани ҳудудига йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш учун хизматга жалб қилинган.
Шу куни соат соат 19.00 да “Ласетти” русумли транспорт воситаси Шофиркон тумани, Шофиркон шоҳ кўчаси бўйлаб “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 3.1-бандида белгиланган талабларни бузган ҳолда, яъни “Транспорт воситасининг конструкцияси талабига мос келмайдиган ташқи ёритгичлар”дан фойдаланиб ҳаракатланиб келганлиги боис ЙПХ катта инспектори Ж.Олимов томонидан тўхтатилган.
Ҳайдовчи ЙПХ катта инспекторининг қонуний талабини бажармасдан, ўз йўналишида ҳаракатланишда давом этган. Шу вақтда ушбу “Ласетти” автомашинаси билан бир йўналишда ҳаракатланиб кетаётган ИИБ ходимлари унга ЙПХ инспекторининг қонуний талабини бажаришни, автомашинасини тўхтатиб, ҳужжатларини ЙПХ инспекторига кўрсатишни талаб қилганлиги учун ҳайдовчи автомашинасида ЙПХ катта инспектори Ж.Олимов хизмат олиб бораётган жойга қайтиб келган.
ЙПХ катта инспектори Ж.Олимов ҳайдовчига тўхташ ишорасини бериб, ҳайдовчи автомашинани тўхтатганидан сўнг, ўзини таништириб, автотранспорт воситасини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни тақдим этишни сўраган. Ҳайдовчи Н.А ҳужжатларни унга тақдим этмаганлиги сабабли ЙПХ катта инспектори Ж.Олимов ҳайдовчининг кетиб қолишининг олдини олиш ҳамда уни бошқарув рулидан четлаштириш мақсадида автомашина олд йўловчи ўриндиғига ўтирган.
Бу ҳолатдан норози бўлган ҳайдовчи ЙПХ катта инспектори Ж.Олимовни ҳар хил ножўя сўзлар билан ҳақоратлаган. ЙПХ инспектори томонидан ҳайдовчининг ҳужжатларини текшириш чоғида содир этган маъмурий ҳуқуқбузарлиги учун унга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирган ва автомашинани вақтинчалик жарима майдончасига жойлаштирган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати