Ижтимоий тармоқда тарқалган видео юзасидан муносабат
Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати фаолиятида мавжуд бўлган 11 та тарқоқ ахборот тизимларини ягона платформага бирлаштириш ва ягона тезкор бошқарувни йўлга қўйиш мақсадида Ички ишлар вазирлиги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан жорий йилнинг 5 сентябрь куни ягона автоматлаштирилган ахборот тизими жорий этилди.
Мазкур тизимнинг жорий этилиши келгусида ДЙҲХХда мавжуд анъанавий тарзда кўрсатиладиган давлат хизматлари тизимларини такомиллаштиришга, ахборот технологиялари бўйича ягона сиёсатни олиб бориш ва тўлиқ рақамлаштиришга, ахборотлар хавфсизлигини таъминлашга, тизимларнинг узлуксиз ишлашига, маълумотларнинг актуаллигига, сервер қурилмаларини назорат қилишга, ўқув ва имтиҳон олиш жараёнини назорат қилишга, автомобиль йўлларида ҳаракатни тўғри ташкил этишга, содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари тўғрисидаги маълумотларни зудлик билан олишга, тезкор бошқарувни амалга оширишга, шунингдек, инсон омилини чеклаган ҳолда йўл ҳаракати қоидабузарликларини аниқлашга хизмат қилади.
Шуни алоҳида такидлаш лозимки, дастлабки босқичда Ягона тизимнинг асосий (“Ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳисоби”, “Автотранспорт ҳисоби” ва “Кадрлар ҳисоби”) модуллари яратилган бўлиб, хозирда “Маъмурий амалиёт” модулини ишга тушириш бўйича техник ишлар амалга оширилмоқда.
Ушбу модул доирасида, “каршеринг” ташкилотларидан автомототранспорт воситаларини ижарага олган шахслар томонидан йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги тўғрисидаги маълумотларнинг мавжудлигини аниқлаш мақсадида каршеринг ташкилотларига Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг “Маъмурий амалиёт” автоматлаштирилган ахборот тизимига кириш ва йўл ҳаракати қоидалари бузилганлиги тўғрисидаги маълумотларни тизимга тезкорлик билан киритиш имконияти тақдим этилишини маълум қиламиз.