Тест режимида

Хабарлар

Ижтимоий тармоқда “Туҳмат қилиш ҳам эви биланда” сарлавҳаси остида тарқалган видео лавҳа юзасидан маълумот

Жорий йилнинг 30 январь куни ижтимоий тармоқда “Туҳмат қилиш ҳам эви биланда” сарлавҳаси остидаги видео лавҳа тарқалди.

Видео лавҳа ўрганилганда, Наманган вилояти ИИБ ЙҲХБ ходимлари М.Абдужалилов ва К.Рустамовлар жорий йилнинг 27 январь куни белгиланган тақсимот асосида Наманган вилояти, Чуст тумани ҳудудида хизмат олиб борган.

Хизмат давомида ЙПХ ходими М.Абдужалилов томонидан ушбу туманда жойлашган “Маданият саройи” рўпарасида “Спарк” русумли автомобиль светофорнинг қизил чироғида ҳаракатланиб ўтганлиги сабаб тўхтатилган.

“Спарк” русумли автомобиль ҳайдовчиси Ш.М. содир этган қоидабузарлигини тан олмасдан, танишини чақирган. Тез фурсатларда воқеа жойига етиб келган ҳайдовчининг таниши ўз-ўзидан ЙПХ ходимларини сўроққа тутишни бошлаган. Ҳайдовчининг таниши келган вақтда светофор ишламай қолиш ҳолати кузатилган.

Ҳайдовчидан меъёрий ҳужжатлари тақдим этилиши сўралганда, транспорт воситасини қайд этиш гувоҳномаси йўқлиги маълум бўлган.

ЙПХ ходими томонидан содир этилган қоидабузарликлар юзасидан белгиланган тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилган ва транспорт воситаси вақтинча сақлаш учун жарима майдончасига жойлаштирилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Наманган вилояти ИИБ ЙҲХБ томонидан қўшимча суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрда 975-сон қарори билан тасдиқланган “Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 3-боби 17-бандида “ЙПХ ходими йўл ҳаракати қатнашчисини тўхтатганда ёки у томонидан содир этилган қоидалар бузилишини расмийлаштириш жараёнида ҳолатга дахлдор бўлмаган ҳамда қонун ҳужжатларида белгиланган ваколатга эга бўлмаган шахсларга қоидалар бузилишини расмийлаштириш юзасидан тушунтириш беришга мажбур эмас”лиги белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати