Ижтимоий тармоқда “В Карши свои правила” сарлавҳаси остида тарқатилган видео лавҳа юзасидан муносабат
Жорий йилнинг 22 июль куни ижтимоий тармоқда “В Карши свои правила” сарлавҳаси остида видео лавҳа тарқалди.
Мазкур видео лавҳа Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ томонидан ўрганиб чиқилганда, жорий йилнинг 18 июль куни белгиланган тақсимот асосида Қашқадарё вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХО 3-сафарбар гуруҳи ЙПХ инспектори Ж.Қурбонов хизмат олиб бориш учун Қарши шаҳар Мустақиллик ва Буюк турон кўчалари кесишмасида ташкил этилган вақтинчалик карантин постига бириктирилган.
Хизмати давомида шу куни соат 09:55 ларда Буюк турон кўчаси бўйлаб ҳаракатланиб келган “Кобальт” русумли транспорт воситасини тўхтатган ва карантин вақтида нима мақсадда ҳаракатланиб юрганлигини сўраган.
Ҳайдовчи Сурхондарё вилоятидан Қашқадарё вилояти юқумли касалликлар шифохонасига тиббий ускуналарни таъмирлаш мақсадида чақиртирилганлигини, автотранспорт воситасида ҳаракатланиши учун махсус рухсатномаси ҳам борлигини маълум қилган.
ЙПХ инспектори ушбу ҳайдовчини карантин постидан Қарши шаҳар ҳудудига транспорт воситасида киришига рухсат бермаган. Ушбу постда хизмат олиб бораётган Қарши тумани ИИБ ЙҲХБ маъмурий материалларни кўриб чиқиш бўйича инспектори Ж.Гуллиев вилоят ИИБ ЙҲХБ навбатчилик қисмига қўнғироқ қилган ва ҳолатни тушунтириб “Кобальт” ҳайдовчисини ўтказиб юборишга рухсат олган. Шундан сўнг “Кобальт” русумли транспорт воситаси ҳайдовчиси карантин постидан Қарши шаҳар ҳудудига киритилган.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати