Ижтимоий тармоқларда “Чирчиқда хайдовчи пиёдани уриб қочиб кетгани айтилмоқда” сарлавҳаси остида тарқатилган видео лавҳа юзасидан муносабат
Жорий йилнинг 5 июнь куни ижтимоий тармоқларда “Чирчиқда хайдовчи пиёдани уриб қочиб кетгани айтилмоқда” сарлавҳаси остида видео лавҳа тарқатилди.
Видео лавҳа Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ масъул ходимлари томонидан ўрганилганда, ҳолат жорий йилнинг 4 июнь куни соат 14:00 ларда, Тошкент вилояти, Чирчиқ шаҳрининг “Заковот” кўчаси, 28-уй қаршисида содир бўлган.
Маълум бўлишича, пиёдани транспорт воситаси уриб юбормаган. Пиёда, 1985 й.т. Тошкент вилояти, Чирчиқ шаҳрида яшовчи А.К. спиртли ичимликдан маст ҳолда, такси тўхтатиш учун йўл четида турган ва ўткинчи машиналарга қўл кўтарган.
Шу вақтда унинг олдига 2000 й.т. ҳайдовчи Р.М. “Кобальт” русумли, давлат рақам белгиси 10 G 998 SA бўлган транспорт воситасида келиб тўхтаган.
Пиёда А.К. ҳайдовчи Р.М. билан келиша олмай, гап талашиб турган вақтида автомобиль жойидан қўзғалган. Пиёда А.К. транспорт воситаси қўзғалган вақтида унинг эшигини ушлаб турганлиги ва мастлиги сабабли, ушбу ҳолатда мувозанатни йўқотиб, юзи билан ерга йиқилган.
Транспорт воситаси ва ҳайдовчи топилиб, автомашина вақтинчалик жарима майдонига киритилган. Ҳозирги кунда ҳолатга тўла ойдинлик киритиш мақсадида судга оид тиббий экспертиза тайинланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ масъул ходимлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати