Тест режимида

Хабарлар

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видео лавҳага муносабат

Жорий йилнинг 19 март куни айрим ижтимоий тармоқларда “Самарқанд вилоятининг М39 айланма йўлида огоҳлантириш белгисисиз йўл-патруль хизмати ходимлари ўзининг шахсий автомобилида кўчага радар қўйган ҳолда хизмат олиб бормоқда” сарлавҳали видео лавҳа тарқатилди.

Видео лавҳа юзасидан суриштирув ишлари олиб борилганда, жорий йилнинг 18 март куни Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХБ 2-отряд катта инспектори Ш.Қурбонов ўзига хизматда фойдаланиш учун бириктирилган “Арена” русумли тезликни ўлчаш мосламаси билан тақсимот асосида хизматга жалб этилган. Хизмати давомида М-37А “Самарқанд халқа” автомобиль йўлининг 8 км.да, Самарқанд тумани “Гулистон” аҳоли яшаш жойида хизмат олиб бораётган вақтида соат 11:10 ларда номаълум ҳайдовчи “Ласетти” русумли транспорт воситасида ҳаракатланиб келиб, ўрнатилган тезлик ўлчовчи мосламани ва ходимни шахсий уяли алоқа воситасига видео тасвирга  олиб интернет ижтимоий тармоқларига тарқатган. Видео лавҳага эса асоссиз сарлавҳа қўйилган. Олиб борилган суриштирув ишларига кўра, ЙПХ инспектори Ш.Қурбонов тезлик ўлчовчи махсус мосламани Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 975-сон қарори асосида ошкора ва 5.43 – “RADAR” йўл белгиси таъсир доираси остида тўғри ўрнатганлиги маълум бўлди.

Айрим ҳаракат иштирокчиларидан юқоридаги каби асоссиз сарлавҳали материаллар тарқатмасликларини сўраб, ёлғон маълумот тарқатганлик учун жавобгарлик мавжудлиги тўғрисида огоҳлантирамиз.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати