Ижтимоий тармоқларда тарқатилган видео лавҳа юзасидан муносабат
Жорий йилнинг 27 май куни ижтимоий тармоқларда “Мақсуд Музаффаров қўлга тушди” сарлавҳали видео лавҳа тарқатилди.
Ушбу ҳолат Қашқадарё вилояти ИИБ ЙҲХБ масъул ходимлари томонидан ўрганилганда, жорий йилнинг 23 май куни вилоят ИИБ ЙҲХБ ЙПХБ 1-сафарбарлик гуруҳи ЙПХ испектори К.Жумаев вилоят ИИБ ЙҲХБ ЙПХБ командири томонидан тасдиқланган тунги хизмат тақсимотига асосан, Қарши шаҳар Ислом Каримов ва Мустақиллик кўчалари кесишган чорраҳага хизматга жалб қилинганлиги маълум бўлди.
ЙПХ инспектори К.Жумаев шу куни соат 19:30 ларда, Қарши шаҳар, Насаф кўчасида жойлашган “Геолог” уйингоҳи рўпарасида, “Искра Видео-2” русумли тезликни ўлчаш мосламаси ёрдамида белгиланган тезликни меъёридан ошириб транспорт воситасини бошқарган ҳайдовчилар юзасидан хизмат олиб бораётган вақтида, ушбу кўча бўйлаб “Дамас” русумли 70 О 887 АА давлат рақам белгили автомобиль белгиланган тезлик меъёрини ошириб ҳаракатланганлиги аниқланган.
ЙПХ инспектори сафдор К.Жумаев белгиланган тартибда ушбу “Дамас” русумли автомобилни тўхтатиб, ҳайдовчига ўзини таништириб, содир этган қоидабузарлигини тушунтириб, тегишли меъёрий ҳужжатларини тақдим қилишини ҳайдовчидан сўраган.
Ҳайдовчи М.Музаффаров ЙПХ ходимидан хизмат гувоҳномасини кўрсатишини сўраган. Ходим ҳайдовчига “Нима сабабдан, сиз кимсиз?” дея жавоб қайтарган. Ҳайдовчи меъёрий ҳужжатларини тақдим қилган. ЙПХ ходими шундан сўнг ҳайдовчига хизмат гувоҳномасини кўрсатган.
Ҳайдовчининг талабига кўра ЙПХ инспектори К.Жумаев айнан уни тўхтатган ҳудудга бириктирилгани бўйича дислокация кўчирмасини тақдим эта олмаган.
Шу вақтда вилоят ИИБ ЙҲХБ ЙПХБ 1-сафарбарлик гуруҳи командири К.Нормўминов келиб, инспектор К.Жумаевдан ҳужжатларни олиб, ҳайдовчига қайтариб берган.
Мазкур ҳолат юзасидан Қашқадарё вилояти ИИБ ЙҲХБ масъул ходимлари томонидан хизмат текшируви ўтказилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати