Тест режимида

Хабарлар

ЯХШИЛИК ЯХШИДА

Бутун дунёни саросимага солган короновирус қайсидир маънода инсонларнинг меҳр-оқибатларини ҳам синовдан ўтказилишига сабаб бўлди, десак муболаға бўлмайди. Карантин сабаб йўллар ёпилди, транспорт воситалари қатновига чеклов ўрнатилди. Беҳудага кўчага чиқмаслик, уйда ўтириш касалликка чалинмасликнинг энг мақбул усули эканлиги қайта-қайта айтилди ва айтилмоқда. Фуқароларимиз ҳам бу талабларни оғишмай бажариб келишмоқда.
Аммо, ҳаётда ҳамиша ҳам режалаштирилган ишлар кўнгилдагидек амалга ошавермайди. Баъзида “уйдаги гап кўчага тўғри келмай қолди”, дегандек холат юзага келиб қолади. Карантин эълон қилинишидан олдин айрим фуқароларимиз уйларидан узоққа, дала ҳовлига ёки қариндош-уруғлар уйига кетишган эди. Карантин муддати узайтирилиши билан уларнинг ҳам тинчи йўқолди. Нима қилиш керак? Қандай қилиб уйга етиб олиш мумкин?
Бу орада оммавий ахборот воситалари, интернет тармоқлари Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан фуқароларга кўрсатилаётган ёрдамлар ҳақидаги лавҳа ва хабарларни чоп этишни бошлашди. Тошкент шаҳрининг Яшнаобод туманида яшовчи фуқаро М.Норов ҳам бу хабарларга асосланган ҳолда Тошкент вилоятининг Чиноз туманида қолиб кетган турмуш ўртоғи ва фарзандларини олиб келишда ёрдам сўраб мурожаат қилди.
Ушбу мурожаатдан сўнг Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ ходимлари фуқаро билан телефон орқали боғланиб унинг оила аъзолари турган манзилни аниқлашди. Уларни олиб келиш учун транспорт воситаси ҳамда ходим ажратилди ва фуқаро М.Норовнинг оила аъзолари карантин талабларига қатъий амал қилган ҳолда яшаш манзилига олиб келинди.
Бир қарашда оддий бир юмушдек кўринади, бу тадбир. Аммо, унга бир оз ўзгача нигоҳ билан қарасак бошқа бир миллий қадриятимиз юзага чиқади. Бу инсонийлик, яхшилик, деган қадриятлардир. Қаранг, яхшилик яхшида.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати