Яна бир ҳуқуқбузарга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди
Бугунги кунда Самарқанд шаҳрига кирувчи ва чиқувчи 27 та тўсиқ постлар мавжуд бўлиб, уларда вилоят ИИБ ЙҲХБ ходимлари ва мутасадди ташкилот вакиллари карантин талабларидан келиб чиққан ҳолда хизмат қилишмоқда.
Жорий йилнинг 7 апрель куни Самарқанд туманининг Юқори Қайнама МФЙ, яъни, собиқ Фотима Қосимова хўжалиги ҳудудидан шаҳарга кирувчи йўлдан ҳаракатланиб келаётган 30 О 745 ТА давлат рақам белгили “Дамас” автомашинаси 24-тўсиқ постда тўхтатилиб текширилганда, транспорт воситаси ҳайдовчиси Самарқанд шаҳар ҳудудига кириш учун аниқ сабаб топа олмасада киришга уринганлиги маълум бўлган.
Транспорт воситаси ҳайдовчиси уни тўхтатишга уринган ЙПХ инспекторларига чап бериб, ўтиш учун тезлик билан ҳаракатлана бошлаган. Натижада, ҳайдовчи автомашина мувозанатини йўқотиб, ён томонида бўлган “ИСУЗУ” русумли юк автомашинасига урилган.
Мазкур ҳуқуқбузарга Самарқанд тумани Маъмурий суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 54-моддаси 2-қисми ҳамда 194, 195-моддалари асосида 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати