ЙЎЛ ҲАРАКАТИ ХАВФСИЗЛИГИ БОШ БОШҚАРМАСИ БОШЛИҒИ ОЛИМ ЧОРИҚУЛОВИЧ САИДОВНИНГ ҲАЙДОВЧИЛАРГА МУРОЖААТИ
Ҳурматли ҳайдовчилар, азиз ватандошлар!
Энг аввало барча ҳаракат иштирокчиларини кириб келаётган янги, 2020 йил билан чин қалбдан муборакбод этамиз. Янги йил барчамиз учун баракали, сермаҳсул ва энг муҳими тинчлик ва осойишталик мустаҳкам бўлган, ҳаётимиз фаровонлашган йил бўлсин. Йилни яхши ниятлар ила бошлаш хайрли бўлади. Яхши тилак истаклар йил давомида айрилмас ҳамроҳ, йўлимизни нурафшон қилгувчи маёқ бўлади, деган ният ила Сизларга мурожаат қилаяпмиз.
Ҳаётимиз фаровон, йўлларимиз равон бўлиб бораётганлиги халқимизнинг турмуш тарзи тобора юксалиб бораётганлигидан бир нишона. Унутманг! Кўча доимо тасодифларга тўла. Бу мураккаб жараёнда бемалол ҳаракатланиш учун Сиз доимо амал қилишингиз лозим бўлган айрим талабларни яна бир карра эслатиб ўтмоқчимиз.
Энг аввало, йўлга чиқишдан олдин транспорт воситангизни техник ҳолатига алоҳида эътибор қаратинг. Унинг тормоз тизими, руль бошқаруви соз бўлиши хавфсизликни таъминлаш асосидир. Транспорт воситасини тегишли ҳужжатларсиз бошқарманг. Йўлга чиқиш олдидан уларни бир карра кўздан кечиринг. Асло шошма-шошарлик қилманг. Светофор ва йўл белгилари, йўл чизиқлари талабларига риоя қилинг. Барча ҳаракат иштирокчилари билан ўзаро хушмуомалада бўлишга интилинг. Белгиланган тезлик талабларига ҳамиша амал қилинг. Шошилманг. Бирорта жойга боришни режа қилсангиз, энг мақбули уйингиздан бир озгина эртароқ чиқинг.
Спиртли ичимликдан маст бўлган ҳолда асло руль бошқарувига ўтирманг. Сизга ичкиликни ҳар қанча зўрлашмасин, ақл-идрокингизни йўқотманг. Майли, ўша ичкилик узатган қўллар ҳавода муаллақ қолсин, майли ўша одам Сиздан ранжисин, илло уни рад этиш баробарида Сиз оналарни фарзанд доғидан, фарзандларни ота-она меҳридан бевақт ажралишларидан асраган бўласиз.
Йўлга чиқишда об-ҳаво шароитларини ҳам инобатга олинг. Зарурат бўлмаганда қишли-қировли кунларда, туманда транспорт бошқаришдан тийилинг.
Чарчаганда чалғиманг. Чарчоқни енгаман, деб ўйламанг. Чарчадингизми, тўхтанг, дам олинг. Чарчоқ ва уйқу рулдаги одамни фалокат сари етаклашини ёддан чиқарманг. Қисқа муддат дам олишга тўхтанг. Транспортдан тушинг ва ҳавода бир оз айланинг. Бу ҳолат киши руҳини тетиклаштиради.
Азизлар! Қонунларни ҳурмат қилиб, қоидаларга амал қилувчиларнинг йўллари доимо равон бўлсин. Уйдан чиққан ҳар бир инсон борки талабларга амал қилиб, уйига, оиласи бағрига соғ-саломат қайтиши насиб этсин. Бу хайрли ишга ҳаммамиз биргаликда камарбаста бўлайлик. Йўллар ҳамиша эзгу мақсадлар сари етакласин.