Тест режимида

Хабарлар

Йўлда сизнинг хавфсизлигингиз учун улар масъулдир!

Атрофга боқинг. Айрим ҳайдовчилар белгиланган қоидаларга амал қилиб, ўзи ва бошқалар хавфсизлигини ўйлаб эҳтиёткорлик билан ҳаракатланса, бошқа кимдир қоидаларни бузиб, турли даражадаги йўл-транспорт ҳодисаларининг содир бўлишига сабабчи бўлмоқда. 

Ҳайдовчилар томонидан тезлик меъёрларига амал қилинмаслиги, пиёда ва велосипедчиларга йўл берилмаслиги, пиёда ва велосипедчиларнинг йўлларда белгиланмаган жойлардан кесиб ўтиши фалокатни юзага келтирувчи омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Бошқа вилоятлар қаторида Қашқадарё вилояти ИИБ ЙҲХБ ходимлари ҳам йўл ҳаракати қатнашчилари ҳисобланган велосипед ҳайдовчилари билан ЙТҲлар олдини олиш, белгиланган қоидаларга амал қилиш борасида профилактик тушунтириш ишларини олиб боришди. 

Йўл ҳаракати қоидаларининг ХXVIII боби, яъни "Велосипед, мопед ва аравалар ҳаракатланишига, шунингдек ҳайвонларни ҳайдаб ўтишга доир қўшимча талаблар" тўғрисида тушунчалар бериб ўтишди.

Ушбу қоидаларнинг 165-бандида "Йўлда велосипед, аравани бошқариш, миниладиган ёки юк ортиладиган ҳайвонларни ҳайдаб ўтиш 14 ёшдан кичик бўлмаган, мопедни бошқариш эса 16 ёшдан кичик бўлмаган шахсларга рухсат этилади", 166-бандида "Велосипедлар, мопедлар, аравалар, миниладиган ёки юк ортиладиган ҳайвонларнинг йўлнинг четки ўнг бўлагида имкони борича ўнг томонидан бир қатор бўлиб ҳаракатланишига йўл қўйилади. Агар пиёдаларга халақит бермаса, йўл ёқасидан ҳаракатланишга ҳам рухсат этилади. Йўлнинг қатнов қисмида ҳаракатланишда велосипедчилар, аравалар жамланмаси, миниладиган ёки юк ортиладиган ҳайвонлар гуруҳлари ва ҳайдаб кетилаётган ҳайвонлар тўдаси йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлайдиган ҳамда уларни қувиб ўтишни осонлаштирадиган гуруҳларга бўлиниши керак", 167-бандида "Велосипед товушли ишора мосламаси билан жиҳозланган ва тормоз тизими соз бўлиши зарур. Қоронғи вақтда ва етарлича кўринмаслик шароитида ҳаракатланиш учун велосипеднинг олд томонига оқ рангли нур қайтаргич ва чироқ, орқа томонига қизил рангли нур қайтаргич ва чироқ, ён томонларига эса, зарғалдоқ ёки қизил рангли нур қайтаргич ўрнатилиши керак" дея белгилаб қўйилганлигини мисоллар билан тушунтириб ўтдилар. 

Велосипедларнинг орқа томонига қизил рангли, олд томонига эса оқ рангли нур қайтаргичлар ёпиштириб, ҳайдовчилардан белгиланган қоидаларга амал қилишларини сўрадилар.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ЙҲХББ Ахборот хизмати