Йўлларда болалар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган ишлар ҳамда йўл қўйилаётган камчиликларга бағишланган танқидий йиғилиш ўтказилди
ИИВ ЖХД Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан болалар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган кенгайтирилган танқидий йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда республика ҳудудида "Йўлларда хавфсиз болалик" тамойили асосида амалга оширилаётган профилактик чора-тадбирлар, таълим муассасалари атрофида йўл инфратузилмасини яхшилаш, болаларда йўл ҳаракати маданиятини шакллантириш борасида олиб борилаётган ишлар таҳлил қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ-316-сон қарори билан тасдиқланган "Хавфсиз ва равон йўл" умуммиллий дастури доирасида республикадаги 7 мингдан ортиқ мактабларда йўл ҳаракати синфхоналари, 5 мингга яқин мактабгача таълим ташкилотларида махсус майдончалар ташкил этилди. Шунингдек, таълим муассасалари атрофида минглаб тезлик чекловчи йўл белгилари, қавариқ пиёдалар ўтиш жойлари ва 172 та тугмали светофорлар ўрнатилди.
Йиғилишда болаларни ташиш билан боғлиқ қоидаларга риоя этилмаётгани, айрим таълим муассасалари томонидан хавфсизлик талабларига зид равишда енгил автомобилларда болаларни ташиш ҳолатлари сақланиб қолаётгани кескин танқид қилинди.
Хусусан, жорий йилнинг ўтган даврида вояга етмаган йўловчиларни ташиш билан боғлиқ 598 та қоидабузарлик аниқлангани, айрим ҳолатларда ҳайдовчиларда тегишли тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномаси мавжуд эмаслиги, транспорт воситалари эса болаларни ташиш талабларига мутлақо жавоб бермаслиги аниқланган.
Шунингдек, Навоий вилояти Нурота туманида хусусий боғча тарбияланувчилари иштирокида содир бўлган аянчли йўл-транспорт ҳодисаси мисолида масъуллар, таълим муассасалари раҳбарлари ва ота-оналарнинг масъулияти яна бир бор эслатиб ўтилди.
Йиғилиш давомида болалар хавфсизлигини таъминлаш бўйича қатор таклифлар илгари сурилди. Жумладан, болаларни ташиш фаолияти учун мажбурий лицензиялаш тизимини жорий этиш, транспорт воситаларини GPS ва кузатув камералари билан жиҳозлаш, енгил автомобилларда болалар ташишни қатъий чеклаш, рақамли назорат платформасини ишга тушириш ҳамда соҳада жавобгарлик чораларини кучайтириш зарурлиги таъкидланди.
Йиғилиш якунида мутасадди ташкилотлар ҳамда ҳудудий масъулларга болаларнинг йўллардаги хавфсизлигини таъминлаш, профилактик тадбирлар самарадорлигини ошириш ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.