ЙПХ ходимининг ўз хизмат вазифасини бажаришига қаршилик кўрсатган фуқарога суд томонидан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди
Ижтимоий тармоқда Қашқадарё вилояти, Чироқчи тумани ҳудудида тезликни меъёридан оширган транспортларни қайд этувчи махсус мослама билан жиҳозланган автомобилда хизмат олиб борган ЙПХ ходимига ҳайдовчи Ш.А. эътирозлар билдириб, тортишувли ҳолатни юзага келтирганлиги, вазият кескинлашиб, атрофда фуқаролар тўпланганлиги акс этган видео тарқалди. Қашқадарё вилояти ИИБ ЙҲХБ масъуллари томонидан тегишли ҳужжатлар тўпланди ва ҳолат 2021 йил 13 декабрь куни Жиноят ишлари бўйича Чироқчи тумани судида ўрганилиб чиқилди.
Фуқаро Ш.А. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 195-моддасида кўрсатилиб ўтилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбдор деб топилди ва унга нисбатан 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Кўплаб ЙТҲларга тезлик сабаб бўлаётган бир вақтда, тезюрар, учар ҳайдовчиларни тартибга чақириш мақсадида хизмат олиб бораётган ходимларнинг фаолиятига ҳалақит бермасликни сўраймиз.